English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саноат ярмаркаси: ишлаб чиқарувчи ва харидор учун қулай бозор
18:31 / 2022-04-15

14-15 апрель кунилари Жомбой туманидаги “Sof Expo Samarkand” кўргазма марказида Самарқанд ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўтказилди.

Кўргазмада Самарқанд вилоятидаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бирга республикамиздаги йирик саноат корхоналари, хизмат кўрсатувчилар ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этди.

Ярмарканинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, мазкур ярмарка тармоқ ва ҳудудий корхоналар учун ўзларининг маҳаллийлаштирилган маҳсулотларини намойиш этиб, харидор ва ҳамкорлар топишлари учун қулай имконият эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга импорт қилаётган хом ашё, бутловчи буюмларни ўзимизда тайёрлаш бўйича келишиб олишга имкон беради.

– Аввало ҳар биримиз ўзимизнинг маҳсулотларни харид қилишга, қадрлашга ўрганишимиз керак, – деди Э.Турдимов. – Бу биринчидан, миллий ғурур, қолаверса, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш демакдир. Тадбиркорларимиз ҳам саноат кооперацияси асосида фаолиятни йўлга қўйиб, имкон қадар ўзимизнинг хом ашё, бутловчи қисмлардан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўлга қўйишлари зарур. Мазкур ярмарка ҳам ушбу мақсадда Ташқи савдо ва инвестициялар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

[gallery-6642]

Кўргазмада 1725 та корхона, жумладан 81 та тармоқ ва 1644 ҳудудий корхона иштирок этди. Улардан 253 таси ўз маҳсулотлари билан қатнашган бўлса, 1472 таси ҳамкорлар топиш, саноат кооперацияси асосида маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйиш учун иштирок этди.

– Умумтаълим мактаблари учун ўқув-лаборатория жиҳозлари иш чиқарамиз, - дейди Самарқанд шаҳридаги “ELXOLDING” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси бўлим бошлиғи Шоҳрух Қурбонов. –Ҳозирда ушбу турдаги маҳсулотимиз 500 дан ошади. Халқ таълими вазирлиги буюртмаси ва бошқа мижозларимиз талаби асосида йилига 1500 дан ортиқ мактаб учун кимё, биология ва физика фани лабораторияларни тайёрлаб беряпмиз. Шунингдек, Россия ва Беларусга ҳам ўз маҳсулотимизни экспорт қиляпмиз. Бу каби ярмаркалар янги харидорлар ва ҳамкорлар топиш учун жуда қулай тадбир ҳисобланади.

Тадбир давомида йирик корхоналарнинг тақдимотлари ўтказилди. Бизнес ғоя ва лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда амалиётга жорий этиш бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилди. Туман ва шаҳарлардан келган ҳоким ёрдамчилари, тадбиркорлар ва мазкур соҳада иш бошламоқчи бўлган ёшлар тақдимотлар ва лойиҳа фабрикалари билан танишди.

Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган тадбиркорлар ва кўргазма иштирокчилари маҳаллийлаштириш ва саноат кооперацияси жараёнлари бўйича тажриба алмашиш мақсадида вилоятимиздаги бир қатор йирик саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА