English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саҳро бағридаги завод
05:48 / 2022-12-01

Янги Ўзбекистон ривожланишнинг янги даврига қадам қўймоқда. Президентимиз томонидан белгилаб берилган “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” барпо этишдек улуғвор мақсадни рўёбга чиқариш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли амалий ишлар ўз самараларини бермоқда.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аввало мамлакатимизда яқин келажакда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Тараққиёт стратегиясининг учинчи йўналиши миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлашдан иборат.

Тангрим табиатни беҳисоб мўъжиза ва сиру синоатларга, бир-бирини такрорламайдиган ғаройиботларга бой қилиб яратган. Инсон қўли, нафаси ва қадами етган жой гуллайди, яшнайди. Юртбошимиз фармойишлари билан Қизилқум сарҳадлари бағрида одамларнинг мўъжизасию қўл меҳнатлари эвазига улкан иншоот- катта бир завод қад кўтарди. Она табиат меҳрибон, юртимиз жаннатмакон диёр, агарки, ихлос қилиб бир чўп эксангиз у албатта кўкаради ва меҳнатингиз самарасини беради. Шу боисдан бўлса керак юртимизда бир-биридан гўзал боғ-роғлар, гигант завод ва корхоналар бунёд этилиб, ишга туширилмоқда.

Бетакрор саноат мўъжизаси

Иқтисодий юксалишлар жараёнида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ тасарруфидаги Марказий кон бошқармаси ва унинг бўлинмаларининг салмоқли ҳиссаси бор. Маълумки, Муҳтарам Юртбошимизнинг 2017 йил 28 мартида Навоий вилоятига ташрифи чоғида истиқболли лойиҳаларидан бири – “Ауминзо-Амантой” кони негизида 5-гидрометаллургия заводини барпо этишга тамал тоши қўйилган эди. Заводнинг барпо этилиши “Ауминзо – Амантой” конларидан таркибида қимматбаҳо металлар бўлган маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш имконини беряпти. Завод тўла қувват билан ишга тушганда йилига уч миллион тонна оксидли ва икки миллион тонна сульфидли маъданларни қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Айни дамда заводда ишлар авжид. 2017-2022-йилларда босқичма-босқич “Ауминзо – Амантой” кони негизида 30 дан ортиқ ўрта ва йирик оксидли ва сульфидли маъдан конларини очиш кўзда тутилган.

Зарафшон шаҳридан 35 километр узоқликда, саҳро бағрида жойлашган мазкур завод 2021 йилда қуриб фойдаланишга топширилди. Заводнинг ноёблиги шундаки, унда дунёда ўхшаши бўлмаган мутлақо янги технология, яъни кислородли – оҳакли оксидлаш асосида олтин ажратиб олиш технологияси қўлланилмоқда. Заводда ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилиб, рақамли ишлаб чиқариш тизими йўлга қўйилган.

Бу ердаги улкан ўзгариш ва янгиланишларни кўриб кўзингиз қувнайди. Заводнинг 25 гектар майдонида ишлаб чиқариш тармоқлари, қолган қисмида эса турли ижтимоий объектлар, омборлар ва маъмурий бинолар қад ростлаб, боғ-роғлар яратилди.

Бу каби катта ташаббус ортида янгича тафаккур, технологиялар, янги истиқбол ва янги имкониятлар мужассам, деб ўйлайман. Заводда сульфидли маъдандан олтинни ажратиб олиш оҳак ва кислород ёрдамида оксидлаш технологияси асосида амалга оширилади. Комбинатимиз раҳбарияти бу инвестиция лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишга жуда катта эътибор қаратаётир. Юзага келадиган ҳар қандай масала ва муаммони ҳал этишда уларнинг қўллаб-қувватлаши биз учун муҳимдир. Чунки, бу мамлакат тараққиёти учун улкан иқтисодий истиқболларни белгилайдиган йирик қувват ҳисобланиши билан аҳамиятлидир. Мамлакатнинг иқтисодий ривожига ижобий таъсир кўрсатиб, бу каби улкан қувватларни ишга тушириш орқали қисқа фурсат ичида ақлбовар қилмас иқтисодий юксалишга эришиш мумкин.

Мураккаб жараёнлар орқали сульфидли ва оксидли маъданларни қайта ишлашга мўлжалланган 5-гидрометаллургия заводи энг сўнгги русумдаги, замонавий ва тежамкор техника ва технологиялар билан жиҳозланган. Бошқача қилиб айтганда, заводда турли хил маъданларни қайта ишлашда ўзига хос янгича усуллардан фойдаланиб, ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Сульфидли маъданни қайта ишлаш учун технологик ускуналар Россия давлатининг “РИВС” ва “ИРГИРЕДМЕТ” АЖ томонидан лойиҳалаштирилиб, мутахассислар томонидан ўрнатилмоқда.

Муҳим мақсад йўлидаги одимлар

5-ГМЗ комбинати бошқа гидрометаллургия заводларидан фарқ қилади. Бу ерда мутлақо янгича усул – кислородли-оҳакли ишлов бериш технологияси асосида олтин ажратиб олинади. Бу жараённи олиб боришда бойитма икки босқичда 10 микронгача янчилади ва кислород ёрдамида оксидланади.

Заводда маъдандан олтин олиш жараёни маъданни қабул қилиш бўлимидан бошланади. Оксидли ва сульфидли маъдан автомобиль ва темир йўл транспорти орқали маъданни қабул қилиш бўлимига келиб тушади ва тебранма ғалвирлар орқали иккига ажралади, ғалвир устки маъдан жағли майдалагичда майдаланади. Ғалвир ости ва йирик майдаланган маъдан омборига келиб тушади. Конвейер транспорти орқали майдалаш тегирмонларига етказиб берилади, майдалаш жараёни икки босқичда олиб борилади. Майдаланган маъдандан 0.074 мм.гача майдаланган зарралар ажратилиб, флотация жараёнига етказилади. Флотациядан флотация бойитмаси ва чиқиндиси ажралиб чиқади. Флотация жараёнида самарали ажратиб олишни таъминлаш мақсадида 6 турдаги реагентлардан фойдаланилади. Флотация бойитмаси диаметри 28 метрли қуюлтиргичда, чиқиндиси диаметри 36 метрли қуюлтиргичларда қуюлтирилади. Қуюлтирилган флотация бойитмаси икки босқичли майдалаш тегирмонларида 10 микронгача майдаланиб, кислород ва оҳак орқали оксидлаш жараёнига юборилади. Оксидланган маҳсулот диаметри 24 метрли қуюлтиргичда совутилади.

Қуюлтирилган маҳсулот цианлаш ва сорбция жараёни 1-занжирига юборилади. Флотация чиқиндиси қуюлтирилгандан сўнг сорбция жараёнининг 2 ва 3-занжирларига юборилади. Оксидли маъдан икки босқичли майдалаш тегирмонларида майдаланади. Майдаланган маъдандан 0.074 мм.гача майдаланган зарралар ажратиб, қуюлтиргичга юборилади. Қуюлтирилган оксидли бўтана цианлаш ва сорбция жараёни 4-ва 5-занжирга юборилади. Цианлаш ва сорбция жараёнида натрий циан орқали олтин суюқ фазага ўтказилиб, активлаштирилган кўмирга тўйинтириб, десорбция жараёнига юборилади. Қайта ишланиб бўлган бўтана насослар орқали чиқинди хўжалигига юборилади. Десорбция жараёнида кўмир қиздирилиб, махсус реагентлар қўшилган эритма тайёрланиб, кўмирдаги олтин суюқ фазага ўтказилади ва бойитилган эритма электролиз ванналарига юборилади. Электролиз ванналарида катод чўкмаси чўктириб олинади ва индукцион печларга юборилади. Индукцион печлардан “Доре” қотишмаси олинади. Десорбциядан чиққан кўмир реактивация печларида қайта активлаштириб, цианлаш ва сорбция бўлимига юборилади.

Руда қабул қилиниб, уни ярим тайёр маҳсулотга айлантиришгача бўлган ҳар бир жараён ўта мураккаб ва янги. Негаки, бизда қўлланилаётган технологиянинг бошқа жойларда ўхшашини топиш қийин. Шунинг учун ҳам бу ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун фақат жараённи келиб кўриш, гувоҳ бўлиш лозим.

Янги Ўзбекистон тараққиёти

Президентимизнинг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон фармонига мувофиқ “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш натижасида очиқлик, халқаро иқтисодий-сиёсий алоқаларнинг ривожланиши юртимизда саноат тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш имкониятларини юзага келтиради. Шундай экан саноат корхоналарида рақамли ишлаб чиқаришни тўғри ташкил этиш, ушбу жараённи корхонага жорий этиш стратегиясини тўғри танлашга катта аҳамият қаратиш лозим.

Бугунги кунда 5-гидрометаллургия заводида замонавий талабларга мос келадиган “Endress+Hauser” бренди остида Германия технологиялари асосида яратилган ўлчов воситалари ҳамда “Siemens” бренди остида ишлаб чиқарилаётган контроллёрлар ёрдамида технологик жараёнлар автоматлаштирилган ҳолда бошқарилади. Ўлчов воситаларидан келадиган маълумотлар бевосита контроллёерлар орқали серверларга узатилади. Бунда маълумотларни серверга узатиш учун оптик толали кабеллардан фойдаланилади. Завод ҳудудида 7 минг метрдан ортиқ оптик толали кабеллар ётқизилган бўлиб, у оддий электр кабелларидан ўзининг маълумотлар узатиш тезлиги ва ташқи таъсирларга чидамлилиги билан тубдан фарқ қилади. Бу эса у орқали узатиладиган маълумотларнинг яхлитлиги ва махфийлигини максимал даражада таъминлайди.

Заводнинг маъдан тайёрлаш цехидан бошлаб, то десорбция ва тайёр маҳсулот цехигача бўлган барча технологик жараёнларнинг бориши мониторлар ёрдамида визуал тарзда бошқарув пульти операторлари хонасида кўрсатилади. Агар технологик жараёнларнинг боришида кўрсатилаган меъёрлардан четга чиқишлар вужудга келса, операторлар хонадан чиқмасдан, бошқарув панели ёрдамида муаммони бартараф этишга киришадилар. Бу эса технологияда ишчи кучини ва инсон иштирокини камайтирган ҳолда кўзланган самарадорликка эришиш учун янада кўпроқ имконият яратади.

Рақамли трансформациянинг тегишли моделларидан, яъни жараён, тармоқ, технологик моделларидан бирини танлаш эса саноат корхоналарида бажарилиши керак бўлган ишларни спецификация қилиш, самарадорликни изчил ва аниқ белгиланган ҳаракатлар режаси орқали ошириш имконини беради.

Азму шижоатли мутахассислар заводимиз фахри

Марралар қанчалик юксак, ислоҳотлар нечоғли истиқболли бўлмасин, ватанпарвар, сит­қидилдан меҳнат қиладиган, юксак салоҳиятли, фидойи инсонларсиз уларни амалга ошириб бўлмайди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, комбинатнинг энг асосий бойлиги, бу - унинг заҳматкаш ва фидойи, ҳаётини севимли касбига бахшида этган инсонлардир. Шу боис ҳам комбинатда ишчи-хизматчиларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизими юқори даражага кўтарилган бўлиб, унинг шуҳратини ошириш йўлида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга муносиб иш шароитларини яратиб бериш, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш асосий вазифа бўлиб келаяпти. Бундай имкониятлар заводимиз жамоаси фаолиятига ҳам изчил татбиқ этилмоқда.

Қизилқум саҳросида табиат инъом этган ишлаб чиқариш учун зарур бўлган фойдали бойликлар шунчалик кўпки, инсон зоти кўзи билан кўриб, қўли билан ушлаган табиат неъматларидан тўғри ва оқилона фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, уддаламоқда.

Заводда ўз ишининг билимдонларидан иборат етук мутахассислар, ишчи-ходимлар ёзнинг жазирамаси ва қишнинг изғиринли кунларида саҳрода фахрланса арзигулик ишларни амалга оширмоқдалар. Ҳар қандай мураккаб топшириқнинг уддасидан чиқа оладиган 1174 нафар аҳил жамоа зиммаларидаги улкан вазифаларни масъулият билан адо этаётганликларини эътироф этиш ўринли. Кўп миллатли меҳнат жамоамизнинг ягона мақсад сари интилиши, қатъияти туфайли маъданни қайта ишлаш 2022 йилнинг 10 ойлик режаси 100,6 фоизга, олтин ишлаб чиқариш эса 100,4 фоизга уддаланди.

Заводимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 57 фоизни ташкил этади. Маълумки, ёшларга қаратилган давлат сиёсатини самарали ҳамда замон талабларига уйғун тарзда амалга ошириш мақсадида қатор ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бу борада завод миқёсида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, ёшларни ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтидорли ёш мутахассисларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар орасидан кадрлар заҳирасини шакллантириш, кадрларни танлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби қатор чора-тадбирлар олиб борилаётир.

Иш қанчалик зўр ва ўз ўрнида бўлмасин, инсонга кайфият берувчи муҳит - бу манзара ва озодалик. Тўғри, аслида бу ишларни бажарувчи инсонлар жуда камчиликни ташкил этади, лекин заводга кирган ҳар бир ходимни ўзига жалб этадиган кўриниш - бу заводимиз ҳудудининг тозалиги, тартиби ва албатта яшил табиатидир. Заводимиз ободонлаштириш бўлимида 30 нафар ишчи-ходим фаолият юритсада, улар қилаётган меҳнатнинг салмоғи катта. Чўл ҳудудида битта гул, ўсимлик ўстириш қанчалик машаққатли. Сабаби, маълум-чўл унумдор ер эмас, ҳар бир қадалган ниҳол ўз-ўзидан униб чиқавермайди. Аммо бизнинг меҳнаткаш жамоамиз чўл ҳудудида чиройли боғ яратиб, бу гўшани файзли масканга айлантира олишди.

Ватанимиз, халқимиз ҳаётида, барчамизнинг онгу шууримизда, тафаккуримизда рўй берган улкан ўзгаришларни кўз олдимизга келтирганимизда, истиқлолнинг буюк моҳияти ва аҳамиятини, унинг муқаддас заминимизда яшайдиган барча инсонлар ҳаётида тутган ўрнини янада теран англаймиз. Бундай юксак туйғулар бугун оловқалб ишчи-ходимларимиз қалбида ҳам жўш урмоқда, уларни янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Маткарим Аликулов,

“НКМК” АЖ Марказий кон бошқармаси

5-гидрометаллургия заводи директори.