English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Риштон кулолчилиги анъаналарига бағишланган халқаро форум иш бошлади
17:33 / 2023-05-13

Ўзбекистон халқаро фестиваль, форум, анжуманлар марказига айланиб бормоқда. Бунинг асосли сабаблари бор. Чунки бу замин нафақат бой тарихий мероси, балки замонавий ютуқлари билан хам машҳур.

Айнан шунинг учун икки ярим минг йиллик тарихга эга Риштонда илк бор “Халқаро кулоллар форуми” бўлиб ўтмоқда.

Польша, Чехия, Франция, Туркия, Озарбайжон, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларидан моҳир уста кулоллар, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар, республика ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этаётган анжуманнинг бугунги очилиш тантаналарида сўзга чиққанлар Риштон кулолчилик мактаби дунё санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини таъкидладилар.

Шу ерда Ўзбекистон Маданият ва санъатини ривожлантириш жамғармаси томонидан нашр этилган “Анъанавий Риштон кулолчилиги” китоб-альбоми тақдимоти хам бўлди.

У шубҳасиз, санъатшунослик илми, фани ва амалиёти учун беқиёс воқеа эди.

Риштондаги 5 мингдан ортиқ оила кулолчилик билан шуғулланади. Улар сополга нақш бериб ишлаган маҳсулотлар бугун АҚШ, Канада, Япония, Исроил, Россия, Германия, Саудия Арабистони, қўшни давлатлар бозоридан муқим ўрин олди.

Италиянинг Дерута, Япониянинг Сукамото, Туркиянинг Бурса шаҳарлари билан биродарлашган ёки ҳамкорликда кўргазмалар ташкил этган риштонлик кулоллар халқаро майдонда соҳа етакчиларидан бирига айландилар.

2021 йилда биринчи қаватида устахона-галерея, иккинчи қаватида турар-жой бўлган 20 та уста кулол уйидан иборат “Халқаро кулоллар маркази” бунёд этилганди. Форум иштирокчилари ана шу уй-устахоналар билан танишди.

-Бундан қарийб икки ярим минг йил аввал ишланган Риштон кулолчилиги намуналари боқийлик сирларини кашф этиш мушкул, — дейди Москвадаги “Шарқ” Давлат музейи катта илмий ходими, “Анъанавий Риштон кулолчилиги” китоби муаллифларидан бири Екатерина Ёрмакова. – Аммо бугунги кулоллар авлодларида хам шу каби ўзига хослик бор. Энди бу усталар интернет, телевидение туфайли кулолчилик тарихига оид топилмаларни кўра оладилар. Улар ижодида ана шу анъаналар хам жо бўлмоқда. Биз Риштон кулолчилигига оид янги китоб-альбомда бунга алоҳида эътибор қаратдик.

Риштоннинг барча хиёбон ва майдонларидаги кеча бошланган халқ сайиллари бугун яна давом этди. Туман марказидаги боғда ўтган “Кулоллар сайли”да ҳунармандчилик буюмлари намойиши, маҳаллий ва хорижий уста кулолларнинг маҳорат дарслари, ёш кулоллар танлови ўтказилди.

“Кулолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, экспорт қилишда – ютуқ ва муаммолар” мавзусида давра суҳбати хамда илмий-амалий анжуманлар бўлиб ўтмоқда.

Риштон форуми дунё кулолчилиги ривожида янги саҳифа очди.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/mlkqle5jlio" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

 

Муҳаммаджон Обидов,

Элёр Олимов (видео)