
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ташаббуси билан Самарқандда илк бор “Ўзбекистонда реставрация санъатини қайта тиклаш маданий мерос ва маданий ёдгорликларни асрашга доир долзарб масалалар” мавзусида реставраторлар семинари ўтказилмоқда.
Халқимизнинг бой тарихи ва маданиятини акс эттирувчи ноёб ва нодир маданий меросини асраб-авайлашни кучайтириш, соҳани рақамлаштириш, инновацион ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини самарали қўллаш чораларини кўриб чиқиш мақсадида ташкил этилган тадбирда юртимиздаги реставратор усталар иштирок этмоқда.
Семинарни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири А.Абдуҳакимов кириш сўзи билан очди.
– Ватанимиз ҳудудидаги ўтмишдан садо берувчи кўплаб тарихий обидаларнинг маҳобати, ўзига хос меъморий услуби, минг йиллар силсиласидан бизгача етиб келаётгани бутун дунёни лол қолдирмоқда, – деди А.Абдуҳакимов. – Мамлакатимизга сайёҳларнинг аксарияти аждодларимиз томонидан бунёд этилган муҳташам санъат асарларини ўз кўзи билан кўриш, улардаги улуғворликни ҳис қилиш учун ташриф буюради. Лекин маданий мерос объектлари, тарихий обидалар бу фақатгина туризм объекти эмас, биринчи навбатда, халқимизнинг бойлиги ҳисобланади. Уларда буюк тарихимиз, маданиятимиз акс этган ва уни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга етказиш бизнинг вазифамиздир. Аммо маданий мерос объектларини таъмирлаш жуда нозик иш. Бунга ўз ишининг усталарини, миллий меъморчилигимиз мутахассисларини жалб этиш зарур. Акс ҳолда, тарихий обидаларимизни тиклаш ўрнига, уларга тузатиб бўлмайдиган даражада зарар етказишимиз мумкин.
Семинарда соҳада мутахассислар етишмаслиги, айрим ҳолларда тарихий обидаларни таъмирлаш, тиклаш ишлари маданий мерос қиймати, қадрини тушунмайдиган шахсларга топширилиши қайд этилди. Меъморчилик санъатининг дурдоналарини реставрация қиламан, таъмирлайман деб тарихий, бадиий қийматига шикаст етказилган ҳолатлар ҳам бўлган.
Бош вазир ўринбосари ушбу семинар орқали соҳадаги келгуси ўн йиллик мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш, Ўзбекистон реставрация санъатини бутун дунёга тараннум этишни кўзда тутилганини таъкидлади. Ўрта Осиё реставраторлари қурултойини ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Икки кун давом этадиган семинарда маданий мерос объектларини асрашга доир ишларга малакали уста реставраторларни жалб қилиш, Ўзбекистон имиджини кўтариш, ютуқларни оммалаштириш, соҳадаги камчиликларни муҳокама қилиш ва бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда анъанавий реставрация услубларини қайта тиклаш масалалари кўриб чиқилади.
Мамлакатимизда ҳозирги кунга қадар 8210 та моддий-маданий мерос кўчмас мулк объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган. Уларнинг 4788 таси археология, 2265 таси архитектура объектлари, 625 таси монументал санъат асарлари ва 530 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.
Сўнгги уч йилда 250 дан ортиқ маданий мерос объекти реставрация ва консервация қилинган. Мазкур объектларга давлат бюджетидан 339 миллиард сўм маблағ сарфланган. Бугунги кунда республикамизда 400 дан ортиқ уста-реставраторлар бор. Президентимизнинг 2021 йил 19 июндаги “Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги “Маданий мерос объектлари дирекцияси” давлат муассасасининг “Бухоро”, “Шаҳрисабз”, “Самарқанд”, “Термиз”, “Қўқон”, “Хива” минтақавий реставрация марказлари ташкил этилмоқда.
Мазкур реставрация марказларининг асосий вазифаси маданий мерос объектларида илмий асосланган лойиҳалар асосида таъмирлаш-тиклаш ва консервациялаш ишларини олиб бориш, маданий меросимизни Ўзбекистонда ҳамда хорижда кенг тарғиб қилиш, унинг ноёб намуналарини сақлаб қолиш орқали келажак ёш авлодга етказиш ҳисобланади.
Анжуман давомида иштирокчилар Самарқанд туманидаги “Конигил” туризм қишлоғи, “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази, Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси ва бошқа маданий мерос объектларида бўлади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА