
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар манфаатларини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Бу борада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан ҳам тизимли ишлар қилинди.

Хусусан, 2022 йил давомида вилоятдаги корхона, ташкилотларнинг ёш ходимлари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, долзарб аҳамиятга эга масалалар таҳлил қилинди.
Жорий йилда ҳам корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни касаба уюшмалари фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Ички ишлар вазирлиги Фарғона академик лицейи битирувчилари иштирокида “Раис ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев ёшлар билан самимий мулоқотда бўлиб, уларга касаба уюшмасининг асосий иш фаолияти, унинг афзалликлари ҳақида маълумот берди.
Касаба уюшмалари томонидан ёшлар ўртасида спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, танлов ва саёҳатлар уюштирилиши, жумладан, “Энг намунали ёш иш берувчи”, “Энг намунали ёш бошланғич ташкилот раиси”, “Энг намунали ёш мутахассис”, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” каби танловлар ёшларнинг иқтидорларини, орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.
Тадбир давомида ёшлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.
ЎзА