English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуйи Чирчиқда обод маҳаллалар яна биттага кўпайди
11:34 / 2023-12-09

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан "Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла" мезонларини жорий этишга киришилган эди. Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар вакилларидан тузилган Республика ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишларда Тошкент вилоятининг 5 та туманидаги энг чекка, ижтимоий ҳолати “оғир” маҳаллалар танлаб олинди.

Белгиланган вазифалар ижроси учун Республика бюджетидан 4 миллиард сўм, шунингдек, маҳаллий бюджет ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳисобидан ҳам етарли даражада маблағ ажратилди. 

Қуйи Чирчиқ тумани 4-сектор ҳудудида жойлашган Кўксарой маҳалласи шунақа манзиллардан бири. Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли маҳалла аввалги кўринишидан буткул ўзгача қиёфага кирди.

Кўплаб ижтимоий соҳа объектлари иш бошлади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан ушбу бунёдкорлик ишлари тугалланиб, аҳоли учун фойдаланишга топширилди.

[gallery-15022]

Очилиш маросимида Тошкент вилояти секторлари раҳбарлари, бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳалла аҳли қатнашди.

Дастлаб “Соғлом ҳаёт учун” югуриш марафони ўтказилди. Унда кўксаройликлар фаол иштирок этди. Айниқса, маҳалланинг катта йўли бўйлаб Миллий гвардия отлиқлари ва “Ватанпарвар” ташкилоти, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси махсус техникалари иштирокида ўтган спорт марафони барчага манзур бўлди. 

Шундан сўнг “Кўксарой” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси очилди. 

Кенг жамоатчилик вакиллари маҳалладаги ўзгаришларни кўздан кечирди. Аҳоли хонадонларида меҳмон бўлди. 
Кейинги манзил "Ko‘ksaroy city" МЧЖга қарашли текстиль корхонасининг очилиш маросими бўлди. Мутасаддилар бу ердаги шароитлар билан яқиндан танишди. Ишчилар билан суҳбатлашилди. Барча уюшқоқликда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бино атрофига манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экди. 

Тадбир давомида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” танловлари ғолиблари тақдирланди. Унда мазкур маҳалланинг обод қиёфа касб этишида меҳнати сингган мутасаддиларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари берилди. 

А. Мусаев, Д, Эрназаров (сурат),

 ЎзА мухбирлари