English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қозоғистоннинг Биринчи Президенти ёзган мемуар асарнинг Ўзбекистон Президенти учун аталган нусхаси топширилди
20:58 / 2023-12-06

6 декабрь куни Қозоғистон Республикаси Биринчи Президентининг матбуот котиби Айдос Укибай ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида ўтган учрашувда меҳмон давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга Қозоғистон Биринчи Президентининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Шунингдек, Айдос Укибай Нурсултон Назарбоевнинг “Менинг ҳаётим. Қарамликдан озодликка” номли мемуарлар китобининг Ўзбекистон Президентига аталган ва муаллиф дастхати туширилган нусхасини топширди.

Тарихий жараёнлар ва шахсий муносабатни ўзида мужассамлаштирган китобда Нурсултон Назарбоев ўзининг ҳаётий йўли, мамлакатнинг шаклланиш ва ривожланиш даври тўғрисидаги хотиралари билан ўртоқлашади. Республикага раҳбарлик қилган охирги ўн йилликлардаги воқеаларга баҳо беради.

Китоб қаҳрамонлари орасида муаллиф сиёсий майдонда кесишган таниқли сиёсатчилар ҳам бор. Қозоғистоннинг Биринчи Президенти давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари, бошқа машҳур шахслар билан муносабатларини таърифлайди.

Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон етакчиси, “атоқли сиёсий арбоб Шавкат Мирзиёев”ни алоҳида қайд этади. Китобда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилаётган  ислоҳотлар юксак баҳоланган. Қозоғистон билан ҳар томонлама алоқалар янада жадал ривожлана бошлангани, Шавкат Мирзиёев Президент сифатидаги фаолиятининг илк кунлариданоқ қардош мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаётгани мамнуният билан қайд этилди.

ЎзА