Қозоғистонда онлайн-кредитни тақиқлаш мақсадида петиция эълон қилинди
Қозоғистонда онлайн тарзда кредит беришни тақиқлаш бўйича петиция ишлаб чиқилди. Ушбу мурожаат “Хак-Назар” жамоат фонди томонидан epetition.kz сайтида эълон қилинган. Ҳужжат муаллифлари фикрича, қозоғистонликлар ҳали молиявий хизматни рақамлаштиришнинг бундай шаклига тайёр эмас. Аслида қулай ҳисобланган онлайн-кредит олиш аҳолининг заиф қатлами ўртасида қарз юки ортиши ва молиявий беқарорлик юзага келишига сабаб бўлади. Юқори фоиз ставкаси ва кредит беришнинг ноаниқ шарти фуқароларни қарз тузоғига тушириши хавфини оширади. Шунингдек, фирибгарлик, ўғирлик, товламачилик каби қарз мажбуриятини бажара олмаслик билан боғлиқ жиноятлар кўпайган.
Петицияда ҳарбий хизмат шароитида онлайн-кредит олишга мажбурлаш ва молиявий зўравонлик қурбонига айланиш ҳолатлари мавжудлиги ҳам келтирилган.
Муаллифлар нафақат онлайн усулда қарз беришни тақиқлаш, балки митти кредит ажратиш билан боғлиқ қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни кучайтиришни ҳам талаб қилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА