English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қозоғистон Президенти сайловида овоз бериш жараёни якунланди
21:05 / 2022-11-20

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб президент сайлови учун ташкил этилган участкалар ёпилди.

Маҳаллий вақт билан 21.00 да беш минтақа — Ғарбий Қозоғистон, Атирау, Оқтўба, Қизилўрда ва Манғистов вилоятлари тадбирни ниҳоясига етказишди. Республиканинг асосий қисмида эса жараён бир соат олдин тўхтаганди.

Республика Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Константин Петровнинг сайлов якуни муносабати билан ўтказилган брифингдаги баёнотига кўра, сайловчилар иштироки бўйича дастлабки нисбат 69,43 фоизни ташкил этган. Жами йиғиб олинган бюллетенлар сони 8 299 501 та. Бу борада энг юқори кўрсаткич Жетису вилоятида — 81,42 фоиз, энг паст натижа Алмати шаҳрида — 28,72 фоиз қайд қилинди.

Шунингдек, расмий яна бир жиҳатга изоҳ берди. Ҳозирча фақат мамлакат ичкарисида очилган сайлов участкалари фаолияти тўхтади, республикадан ташқаридаги 44 та участкада эса овоз бериш давом этяпти.

"Шунинг билан МСК сайловчилар иштироки юзасидан ахборот бериш бўйича бугунги ишини якунлади, эртага куннинг биринчи ярмида овоз бериш дастлабки натижаларига бағишланган брифинг режалаштирилмоқда", - дея қўшимча қилди Петров.

Қозоғистон Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи Азамат Саргазин умуман, сайловга тайёргарлик ва овоз бериш жараёни тинч шароитда кечганини таъкидлади.

Ғ.Хонназаров, ЎзА