English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қозоғистон фуқаролари президент сайловида овоз беришяпти: вазият осойишта
16:48 / 2022-11-20

Бугун Қозоғистонда бўлиб ўтаётган навбатдан ташқари президент сайловида маҳаллий вақт билан 14.00 гача рўйхатга олинганларнинг ярмидан кўпи ўз танловини билдириб бўлди. Кейинги 2 соат давомида, яъни 16.00 гача 62,34 фоиз сайловчилар фуқаролик бурчини адо этишди. Бу маълумотни махсус йиғилишда республика Марказий сайлов комиссияси аъзоси Сабила Мустафина эълон қилди.

"Умуман, мамлакат бўйлаб сайловчилар фаоллиги яққол сезилиб турибди. Ҳозиргача жами 6 113 621 кишидан бюллетен қабул қилиб олинди", — деди МСК мутасадди ходими.

Сайловнинг бориши бўйича ўтказилган навбатдаги йиғилишда МСК аъзоси Анастасия Щегорцова овоз берганлар сони 7 450 395 га етганини билдирди.

Таҳлилга кўра, Туркистон вилояти аҳолиси энг фаол — 80,09 фоиз. Бу борада энг кам кўрсаткич Алматида — 26,19 фоиз.

2019 йили давлат раҳбарини сайлашда айни вақтгача овоз берганлар нисбати 65,9 фоизни ташкил этганди.

Қозоғистонда айни пайт 12 миллионга яқин фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, муддатидан олдин белгиланган президент сайлови Қозоғистонда янгиланган конституцияга мувофиқ ўтказилмоқда. Мамлакат етакчиси бир муддат - етти йилга сайланади, қайта сайланиш мумкин эмас. Олий даражадаги лавозимга 6 нафар номзод, жумладан, амалдаги Президент Қосим-Жомарт Тоқаев ҳам даъвогар.

ОАВ таъкидлашича, бугун Астанада вазият тинч, осойишта, кўнгилдагидек. Полиция кучайтирилган тартибда ишлаяпти. Қоидабузарлик қайд этилгани йўқ. Республика пойтахтидаги сайлов участкаларига сайловчилар келиши кўрсаткичи соат сайин ўсиб боряпти. Буни маҳаллий ва халқаро кузатувчилар ҳам эътироф этишмоқда.

Жумладан, МДҲ миссияси раҳбари Сергей Лебедев ҳам “Қозоғистонда бўлиб ўтаётган навбатдан ташқари президент сайловида ҳеч бир қоидага хилоф ҳаракат кузатилмагани" тўғрисида баёнот берди.

Ғ.Хонназаров,ЎзА