
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Нью-Йорк штатига амалий ташрифи якунида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан музокара ўтказди. Бу ҳақда “Kazinform” Ақорда матбуот хизматига асосланиб хабар берди.
Конструктив ва дўстона руҳда ўтган учрашувда Қозоғистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати, икки томонлама алоқани янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинган. Маълум бўлишича, Тоқаев ва Гутерриш долзарб вазифаларни ҳал этишнинг жамоавий усулларини ишлаб чиқишга қаратилган саъй-ҳаракатларга ҳам алоҳида эътибор қаратган.
– Қозоғистон раҳбари Антониу Гутерришнинг БМТ Бош котиби сифатидаги фаолиятини юқори баҳолаб, 2023 йилда “Келажак саммити”ни чақириш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди, – дейилади ахборотда.
Президент ушбу муҳим учрашув натижалари Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга хизмат қилишига ишонч билдирган.
Қайд этилишича, томонлар давлат раҳбарининг Алмати шаҳрида Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ хабини яратиш бўйича ташаббусини амалга ошириш масалаларини кўриб чиққан.
Суҳбат чоғида, шунингдек, Қосим-Жомарт Тоқаев Антониу Гутерришни Қозоғистонга амалий ташриф буюришга таклиф қилган.
ЎзА