English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўқонда Фурқат ҳайкали очилди (+видео)
21:25 / 2024-10-03

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қўқон шаҳридаги боғда Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатга ҳайкал ўрнатиш топшириғини берган эди. Бугун мамлакат зиёлилари, ёзувчи-шоирлари, вилоят аҳли вакиллари буюк мутафаккир ҳайкали очилишига Хўқанди Латифга ошиқдилар.

Фурқат 1859 йилда Қўқонда туғилган. Мадраса таълимини олгач, 1876 йилда Янги Марғилон – Фарғона шаҳридаги тоғасиникида бир неча йил яшади, дўкондорлик билан шуғулланиш асносида, шеърлар ёза бошлайди. У 80-йилларнинг бошларида Қўқонга қайтиб, оила қуради ва ижодий иш билан шуғулланади. 

– Зокиржон Фурқат 1889 йилда Тошкентдаги мадрасада ўқишни давом эттирган. Кўкалдошдаги мадрасада Фурқат турган ҳужра сақланиб қолган ҳозиргача. Бу ерда у Европа маданияти билан илк бор танишган, гимназия, босмахона, фотография билан қизиққан, – дейди Ғафур Ғулом номидаги Қўқон адабиёт музейи директори Абдуллатиф Турдалиев. – У таржимонлик қилган ва “Туркистон вилояти газетаси”да ишлаган. Унинг шеърлари, публицистик мақолалари шу газетада босилиб турган.

Ўша йилларда “Илм хосияти”, “Гимназия”, “Виставка хусусида”, “Акт мажлиси хусусида”, “Тошкент шаҳрида бўлғон нағма базми хусусида”, ”Суворов” каби асарлари майдонга келади.

Фурқат 1891 йилнинг июлида Марв – Ашхобод – Боку – Батуми орқали Истанбулга боради. 

– Қаерга борган бўлса, ўша мамлакат одамлари, табиати, давлат қурилиши, матбуоти нима ҳақида ёзмоқда, булар билан қизиққан ва тўхтовсиз мақолалар юбориб турган. Ҳиндистон матбуоти ҳақида алоҳида мақоласи бор. Япония – Россия уруши ҳақидаги таҳлилий мақолалари публицистиканинг ёрқин намуналаридир, – дейди Абдуллатиф Турдалиев.

1892 йилнинг мартида Истанбулдан Саудия Арабистонга йўл олади. Маккада “Ҳажнома” асарини яратади. Ҳаж сафаридан сўнг Бомбей –Кашмир – Тибет орқали Шарқий Туркистонга бориб, Ёркентда турғун яшаб қолади. 1909 йилда шу шаҳарда вафот этади.

Фурқат ҳайкалининг тантанали очилиш тадбирида сўзга чиққан Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов, таниқли адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Қўқонда Фурқат ҳайкалининг бунёд этилиши юртимизда адабиётга бўлган эътибор, ижодкорларга ғамхўрлик ифодасининг юксак намунаси эканини таъкидладилар.

– Фасли Навбаҳор келди, Кетибон зимистонлар.

Бугун айни ўшандай, Фурқат ёзганидек, халқ бошидаги кўланкалар кетиб, чароғон кунга айланган кун, Муҳтарам Президентимиз бошчилигида Янги Ўзбекистонни қуриш каби олий мақсад амалга ошаётган кунларда Фурқатнинг Қўқонга қайтишида жуда катта маъно бор, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов.

Ниҳоят ҳарир парда туширилди. Ҳайкалтарошлар Тўлаган Тошхўжаев ва Фарид Аҳмаджонов Фурқат сиймосини ёритишда унинг ҳаёти ва ижодидаги чизгиларга асосланишган. Ёзган асарлари билан халқига, адабиётга сидқидилдан хизмат қилган инсон каби мағрур, аммо кўзлари, қарашларида Ватан соғинчи, юрт тупроғига ташналик акс этган.

Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат ҳайкали гулларга кўмилди. Бу шоир ижодига эъзоз, ватандошлик эътирофи эди.

Шу куни Ёркентдаги Фурқат қабридан олиб келинган тупроқ Қўқон шаҳрининг “Шайхон” қабристонидаги шоир рамзий қабрига қўйилди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6wg7354A7w4" title="Qoʻqonda Furqat haykali ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон ОБИДОВ, Элёр ОЛИМОВ (видео), ЎзА