Мамлакатимизда йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, йўл ҳаракатининг ташкил этилишини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.
«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда сақланиб қолаётган тизимли муаммоларни ҳал этиш ва аҳолига қулайлик ҳамда қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш мақсадида ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўз вақтида фуқарони хабардор этиш ва чора кўриш билан боғлиқ янги норма киритилмоқда.
Бунда, йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юборилиши, акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланмоқда.
Муҳокама қилинган қонун орқали амалиётга киритилаётган ўзгартиришларга асосан тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг транспорт воситалари томонидан кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши талаби бекор қилинмоқда.
Шунингдек, скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун, жумладан, скутерлар, мопедлар, велосипедларни ҳамда уловли аравани бошқариш, шунингдек индивидуал ҳаракатланиш воситалари ва скутерларнинг ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун билан йўл-патруль хизмати ходимларининг хизматни ўташ вақтида йўл ҳаракати қоидабузарлигини аниқлаган тақдирда қоидабузарга жойнинг ўзида жарима қўллаши мумкинлигини назарда тутувчи ваколати бекор қилинмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларида юк автомобилларига фақат чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш учун йўлнинг четки чап қаторини эгаллашга рухсат этилиб, бошқа ҳолларда чап қаторда ҳаракатланиш тақиқланган.
Ушбу қоидабузарлик учун амалдаги қонунчиликда жазо чоралари белгиланмаганлиги сабабли аксарият ҳолларда ҳайдовчилар йўлларнинг чап қаторларида бемалол ҳаракатланишмоқда ва бу ҳолат автомобиль йўлларида тирбандликларга ва аварияли ҳолатлар содир бўлишига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, 2024 йилнинг 7 ойида юк автотранспорт воситалари билан боғлиқ 303 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани оқибатида 108 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 227 нафар фуқаро тан жароҳати олган.
Айнан шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда қонунда юк автомобилларида йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланганлик (рухсат этилган ҳоллар бундан мустасно) учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга, шунингдек, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА