
Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг 2-9 сентябрь кунлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари университетлари талабалари учун "Seeds for the Future" нуфузли таълим дастури тадбирлари бўлиб ўтди.
Унда Қатар, Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн, Қозоғистон, Покистон, Иордания каби мамлакатлардан келган вакиллар қаторида Ўзбекистоннинг еттита олий таълим муассасаси талабалари ҳам иштирок этди.
Қатар Маърифат ва олий таълим вазирлиги томонидан ушбу таълим дастурининг биринчи босқичи ёпилиш маросими ўтказилди.

Қатар Алоқа бошқармаси томонидан қўллаб-қувватланган минтақавий тадбир маҳаллий истеъдодлар билим алмашиши, АКТ сектори ҳақида хабардорликни ошириш ва ёш АКТ истеъдодларининг рақамли ҳамжамиятини ривожлантиришга қаратилгани билан эътиборлидир.
Иштирокчиларга Қатарда саккиз кунлик интенсив дарслар ва семинарларда қатнашиш имконияти яратилди. Улар илғор АКТ технологиялари, илмий ва технологик етакчилик, глобал мавзулар бўйича мунозаралар, “Tech4Good” гуруҳ лойиҳаларини ўрганди. Шунингдек, қатнашувчилар Доҳанинг диққатга сазовор жойларини томоша қилишга муяссар бўлди.
Якуний натижаларга кўра, 40 нафар талабадан иборат еттита жамоа БААнинг Дубай шаҳрига – дастурнинг иккинчи босқичига йўлланма олди. Ғолиб жамоалар орасида Ўзбекистон, Қатар, БАА, Иордания, Мўғулистон, Қозоғистон ва Озарбайжон вакиллари бор.
Айни кунларда ғолиблар Дубайда ўтказилаётган иккинчи босқичда иштирок этмоқда. Улар Хитойда бўлиб ўтадиган якуний босқичда қатнашиш учун қизғин баҳс олиб бормоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА