Қашқадарёда ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Сайлов кодексининг 19-моддасига кўра, туман, шаҳар сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда ҳудудий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.
Шунга кўра, Қашқадарё вилоятининг 2 шаҳар ва 14 туман Кенгаши томонидан туман ва шаҳар сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар таркиби шакллантирилиб, тасдиқлаш учун вилоят ҳудудий сайлов комиссиясига тақдим этилган.
– Мажлисда ҳар бир номзод аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган, ўтган сайловларда тажрибаси бор, фидойи, ташкилотчи раҳбарлар ва фаоллар орасидан саралаб олингани қайд этилди, – дейди ҳудудий сайлов комиссияси аъзоси Адиба Шайманова. – Ҳудудий сайлов комиссияси номзодларни кўриб чиқиб, уларни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шунингдек, Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та сайлов округи тузилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири