
Олотда фуқароларни чув туширган шахсга нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақида Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Туман Ички ишлар бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, Олотнинг “Бунёдкор” маҳалласида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро Р.Д. исмли шахс 2019 йилнинг 12 октябрь куни Ромитан тумани Ҳасанобод маҳалласида яшовчи, 1967 йилда туғилган таниши фуқаро Қ.Б.нинг ўзига бўлган ишончини суиистеъмол қилади. Тошкент вилояти Олмалиқ туманида катта қурилиш ишларини бошлаганлигини айтиб, уни алдаб, 200 миллион сўм пулини қўлга киритиб, қайтариб бермасдан келади.
Шунингдек, у жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2019 йилнинг 14 октябрь куни маҳалладоши фуқаро Б.Л. ни ҳам алдаб, пул зарурлигини айтиб, гўёки Бухоро шаҳар И.Мўминов кўчасида қураётган кўп қаватли уйларидан бирининг 1-қаватидан савдо дўконини арзон нархда сотишни ваъда беради. Натижада дастлаб 200 миллион сўм, кейинчалик яъни 2020 йилнинг март ойида пластик картасидан 90 миллион сўм пулларни ўтказиб олишга эришади. Қўлга киритилган умумий суммадан 10.000 АҚШ долларини қайтариб, қолганини бермасдан фирибгарлик жиноятини содир қилади.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Ҳозирги кунда ушбу шахсдан жабрланган бошқа фуқаролар ҳам бор ёки йўқлигини аниқлашга қаратилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА