English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қарши шаҳридаги йирик лойиҳалар
12:10 / 2022-11-04

Қарши шаҳри ҳокимлиги томонидан шаҳарда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва янги ташкил этилган тадбиркорлик объектлари билан яқиндан таништириш мақсадида журналист ва блогерлар учун пресс тур ташкил этилди.

Тадбир давомида журналист ва блогерлар жорий йилда ишга туширилган бир қатор янги лойиҳалар ва тадбиркорлик объектлари билан таништирилди.  

Хусусан, иштирокчилар Қарши шаҳрида барча шароитларга эга замонавий “Оқсарой” меҳмонхонасида бўлишди. Лойиҳанинг умумий қиймати 9 миллиард сўмга яқин бўлиб, тадбиркор Отабек Мўминов томонидан ўз маблағи эвазига қурилган. Меҳмонхона 70 ўринга мўлжалланган ва унинг таркибида шинам конференция зали, ресторан, сауна, бассейн мавжуд. Меҳмонхона ишга тушиши натижасида 20 та иш ўрни яратилган.

[gallery-9429]

Кейинги манзил Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Қарши шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати бўлди. Президентимизнинг жорий йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида” ги фармонига асосан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида Қарши шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилган.  Собиқ Қарши транспорт коллежи биноси янги ташкил этилган мактаб-интернати учун ажратилиб, қайта реконструкция қилинди. Мавжуд спорт зали, 120 ўринли ётоқхона бинолари янгидан таъмирланди. Шунингдек, 250 ўринли шинам ошхона биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.  

Математика, физика ва инглиз тилларига ихтисослаштирилган мазкур мактаб-интернатига 2022/2023-ўқув йили учун 384 нафар билимли ва иқтидорли ёшлар имтиҳон асосида ўқишга қабул қилинди. Бундан ташқари мазкур ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ишга қабул қилинган 35 нафар малакали педагог-кадрлар ҳам танлов асосида саралаб олинди.

Шундан сўнг Қарши шаҳридаги Қавали кичик саноат зонасига борилди. У ердаги вилоятда биринчи сэндвич панеллар ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишилди. Умумий қиймати қарийб 9,2 миллиард сўмни ташкил этган мазкур лойиҳа 300 минг квадрат метр сэндвич панеллар ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада 30 та иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқаришни ҳажми ортиши эвазига келгусида иш ўринлари 85 тага етиши мўлжалланмоқда. Корхонада бугунги кунда қурилиш учун ҳар хил ўлчамдаги профнастиль ва сэндвич панеллар ишлаб чиқарилмоқда.

Шу ернинг ўзида яна лойиҳа “Ўзбекинжиниринг” МЧЖга қарашли ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишилди. Умумий лойиҳа қиймати 170 минг АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу корхонада Германия технологияси асосида ҳамда “Promo Masters” бренди остида мебель жиҳозлари, замонавий акфа деразалар ва МДФ эшиклар ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳанинг тўлиқ ишга тушиши натижасида бу ерда 62 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Кейинги манзил Буюк Турон кичик саноат зонасида ташкил этилган “ALP TEXNO SERVIS” хусусий корхонаси бўлди. Бу ерда “S-Smart” бренди остида турли ўлчамдаги замонавий телевизорлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 22,1 миллиард сўмни ташкил этади. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 93 минг 600 дона бўлиб, бугунги кунда бу ерда 48 нафар ёш йигит-қиз доимий иш билан таъминланган. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат республикамиз ички бозорларига етказиб берилади балки, қўшни хорижий давлатларга Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжонга ҳам экспорт қилинмоқда. Корхона келгусида ишлаб чиқариш тармоғини кенгайтиришни режалаштирган.  

Шунингдек пресс-тур доирасида Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев иштирокида Қарши шаҳрида “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида ва шаҳарда ичимлик сув таъминотини яхшилаш ва ички йўлларни таъмирлаш бўйича қилинган ишлар ҳамда келгусидаги режаларга бағишланган  матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтди.

 

Ўлмас Баротов,  

Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.