English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қадриятлар қадр топган она Ватан – Ўзбекистоним!”
20:33 / 2023-03-22

Наврўз айёми бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланаётган шу кунларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими, Зомин туман ахборот кутубхона маркази ҳамда туман тарихий музейи ҳамкорлигида худди шу шиор остида “Наврўз байрамининг тарихи” мавзусида давра суҳбати ва янги адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.

Президентимизнинг жорий йил 1 мартдаги “2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда ёзувчилар уюшмаси, туман ахборот кутубхона маркази, тарихий музейи ходимлари маҳаллий шоир, ёзувчи, журналист ҳамда ёш адабиётшунослар тўгараги аъзолари иштирок этди.  

Тадбирда Наврўз байрамининг қадимий тарихи, ушбу байрам нишонланаётган кунларда ўтказиладиган миллий анъаналар, урф-одатларимиз ҳақида атрофлича фикр юритилди.  

Бугун мана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида Зомин туман ахборот-кутубхона марказида “Қадриятлар қадр топган она Ватан – Ўзбекистоним!” шиори остида 3 минг йиллик тарихга эга Наврўз байрамида ўтказиладиган миллий урф-одатларимиз, қадимий анъаналаримиз, қадриятларимиз ўтказилиб келингани тадбир иштирокчиларининг асосий диққат марказида бўлди.  

– Наврўз уч минг йиллик тарихга эга байрам бўлиб, ушбу баҳорий байрам Марказий Осиё ва Яқин Шарқнинг кўплаб мамлакатларида нишонланади. Наврўз – Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Албания, Қирғизистон, Македония, Туркия ва Тожикистонда давлат байрами сифатида қайд этилган бўлса, Россиянинг айрим минтақаларида, жумладан Доғистон, Татаристон, Бошқирдистон ва бошқаларда миллий байрам ҳисобланади. Бундан ташқари, Наврўз Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилояти, Ироқ Курдистони ва Ҳиндистоннинг айрим ҳудудларида ҳам байрам сифатида нишонлаб келинмоқда.

Одатда, бу кун табаррук кексаларимиз қалбларида шукроналик билан дуога қўл очиб, Яратгандан – яшариш, янгиланиш байрами нишонланаётган кунларда юртимизга тинчлик, элимизга фаровонлик, деҳқончилик ва чорвачилликка барака сўрайдилар, ватандошларимиз эса бир-бирларига омонлик тилаб, баҳорнинг ушбу янги кунидан ерга ниҳол экиб, далага уруғ қадайди. Яхши ният билан ўтказилаётган бу каби турли тадбирлар эса юртдошларимиз кўнглини янада обод қилмоқда, яратувчилик, бунёдкорлик ишларига ундамоқда. Қадр топган қадриятларимизни, Наврўзимиз тарихини ёшларимизга ўргатиш, келажак авлодга қолдириш бугунги тадбиримиздан кўзланган асосий мақсадимиздир, – дейди Зомин туман ахборот кутубхона маркази раҳбари Наргиза Анварова.

Давра суҳбати ниҳоясида ташкил этилган янги адабиётлар кўргазмаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Миллий қадриятларимизни улуғлаш, юртдошларимиз кайфиятини кўтаришга, қалбларида эзгулик, шукроналик туйғуларини янада мустаҳкамлашга қаратилган бу каби тадбирлар Жиззах вилоятининг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА