
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 22 февраль куни соҳа ва ҳудудларда рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ахборот технологиялари тармоғидаги хизматлар экспортини ривожлантириш, ҳудудларда замонавий IT-парклар ташкил этиш, ёшларнинг соҳага қизиқишини янада ошириб, малакали мутахассислар тайёрлаш юзасидан ҳам тегишли топшириқлар берилган эди.
Сурхондарё вилоятида мазкур вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шунга мувофиқ “Ўзбектелеком” АК Сурхондарё филиали биносининг фойдаланилмай бўш турган қисмини қайта реконструкция қилиб, замонавий усулда жиҳозлаш ҳамда коворкинг ва масофавий хизматлар марказларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа тўлиқ амалга ошгач, вилоятда 300 дан ортиқ ёш юқори даромадли иш билан таъминланиб, йилига 1 миллион доллардан ортиқ “IT” маҳсулотлари экспортини йўлга қўяди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи У.Қосимов бинода бошланган ишлар ва янги лойиҳа билан танишди. Тўрт қаватли бинонинг тўртинчи қаватидаги 1,5 минг квадрат-метр бўш турган майдонда барпо этиладиган марказлар жойлашуви билан қизиқди. “IT” таълимни йўлга қўйиш учун яратиладиган шароитларни ўрганди.
Вилоят раҳбарига, шунингдек, филиал биноси ва воҳанинг ўзига хос рамзларидан бирига айланган курантни таъмирлаш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳалар ҳам тақдим этилди. Улуғбек Қосимов тақдимот чоғида янги лойиҳаларни тез, сифатли барпо этиб, муддатида фойдаланишга топшириш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди. Мутасаддиларга аниқ вазифаларни белгилаб берди.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири