English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: таълим тизимидаги ислоҳотлар давом этмоқда
10:09 / 2023-08-04

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова хизмат сафари давомида Бухоро вилояти ҳокими ва сектор раҳбарлари, шаҳар, туман ҳокимлари ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиқлари билан учрашди.

Жараёнда вилоятда таълим сифати кўрсаткичларини янада ошириш, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг сифатли билим олишлари учун муҳим шароитлар яратиш, янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

– Бухоро таълими республикамизда ўзига хос юксак мавқега эга эканлиги барчамизга маълум, лекин тан олишимиз керак ҳали ечимини кутаётган камчиликлар, муаммолар ҳам кўп, – дейди Ҳилола Умарова вилоят ҳокими ва шаҳар ва туман ҳокимларига мурожаат қилиб. – Биз уларни ҳал этишда, вилоят ҳокимлиги, маҳаллий ҳокимликларнинг қўллаб-қувватлаши ва кўмагига таянамиз.

Учрашувда ҳар бир шаҳар ва туман кесимида мавжуд муаммолар таҳлил қилинди. Уларни тезкорлик билан бартараф этиш чоралари белгилаб олинди.

Учрашувда Президентимизнинг 2022 йил 3 февралдаги “Мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармойиши ижросини таъминлаш ҳамда мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг моддий-техника базаси, жиҳозланиши ва инфратузилмасини яхшилаш, ўқувчиларга етарли шароитлар яратиш, масъул ташкилот ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлигининг қўшма қарори имзоланди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Бухоро вилоятига ташрифи доирасида тизим масъуллари билан ҳам яқиндан мулоқотда бўлди.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбар мутасаддилари, мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиқлари, вилоят педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази, “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги таркибидаги ихтисослаштирилган мактаблар директорлари иштирок этган очиқ мулоқот жараёнида тизим раҳбарлари олдида турган энг муҳим вазифалар, улар зиммасидаги масъулият ва бурч хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.

– Тизимда шаффофликни, адолатни ва юқори таълим сифатини таъминлаш учун – барчамиз бир жамоа бўлишимиз керак, – деди вазир. – Мақсадимиз ягона – фарзандларимизни ҳар томонлама етук, ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар қилиб тарбиялаш. Демакки, мақсадга элтадиган йўлимиз ҳам бир бўлиши керак. Бу йўлда ҳар бирингиздан қатъий талаб этиладиган шарт – ҳалоллик, фидойилик ва интизом.  

Мулоқот жараёнида таълим сифатини юксалтириш, педагоглар салоҳиятини ошириш борасида таклиф ва фикрлар тингланди. Бу борада келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Зариф Комилов, ЎзА