English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: Сурхондарёда Вьетнам тажрибаси асосида тут ва озиқ-овқат экинлари парваришланади
10:58 / 2023-03-25

Сурхондарё вилоятида аҳоли яшаш жойларига яқин 10 минг гектар лалми ва яйлов майдонда пилла кластери ташкил этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 март куни озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли яшаш жойларига яқин лалми ва яйлов майдонларини ўзлаштириб, пилла кластерларини ташкил этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Шунга мувофиқ вилоятнинг Олтинсой ва Шўрчи туманларида 10 минг гектардан лалми ва яйлов майдонда ана шу соҳага ихтисослашган кластерлар фаолият юритади.  

Сурхондарё лалми ва яйлов ерлари сероб вилоятлардан бири. Тоғолди ва чўл ҳудудларида ўзлаштириб, боғ яратиш, турли озиқ-овқат экинлари парваришлаш учун етарли имконият мавжуд. Эндиликда янги ўзлаштириладиган лалми ва яйлов майдонларида Вьетнам тажрибаси асосида аҳолига 1-2 гектардан ҳам тут, ҳам озиқ-овқат экиш учун ер ажратиб берилади. Бу ҳудуднинг пиллачилик ва жунчилик салоҳиятидан самарали фойдаланиб, соҳани янада ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишга, жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллашиб бораётган бир пайтда ички бозорларда табиий озиқ-овқат маҳсулотлари нархини барқарор ушлаб туришга хизмат қилади. Аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашади.  

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан салмоқли ҳосил олишда бой тажрибага эга воҳада баҳорнинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиш ва мазкур вазифани тезкор, сифатли бажариш юзасидан тегишли чора-тадбир белгиланиб, унинг ижросини таъминлашга киришилди.  

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Шўрчи туманида бўлиб, соҳа мутасаддилари ва маҳаллий оқсоқоллар билан “Боботоғ” массиви ёнбағирларидаги яйловлар ва лалми ерларни кўздан кечирди. Вьетнамликлар тажрибаси асосида тут плантациялари барпо этиш ва озиқ-овқат экинлари парваришлаш учун қулай бўлган лалми ерларни ўрганди. Таклиф этилган лойиҳа билан танишиб, тутзорлар орасида етиштириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари билан қизиқди. Массивда 3 минг гектар ер майдони танлаб олиниб, пиллачилик кластери ташкил этишга дастлабки қадамлар ташланди.  

Ажратилган майдонни тезкорлик билан Вьетнам тажрибаси асосида кўчат экишга тайёрлаш, баҳорги кўчатларни кечиктирмай келтириб экиш, қатор ораларига ҳудуд иқлимига мос озиқ-овқат экинлари, полиз маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА