English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: оталиққа олинган ёшлар эътиборда
10:04 / 2023-06-04

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 11 апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари А. Исмоиловга Музработ туманидан 50 нафар эътиборга муҳтож йигит-қиз бириктирилган.

Айни пайтда ёшлар муаммолари атрофлича ўрганилиб, улар билан аниқ мезонлар асосида манзилли иш олиб борилмоқда. Жумладан, сектор раҳбари дастлаб ёшлар билан учрашиб, яқиндан танишди. Муаммоларини тинглаб, уларнинг ечимини топиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. 

Очиқ мулоқот чоғида маълум бўлдики, номма-ном бириктирилган йигит-қизларнинг 40 нафарини 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ёшлар ташкил этади. 3 нафари профилактик ҳисобда, 4 нафари пробация назоратида туради. Бир нафари оилавий ажрим ёқасига келиб қолган. Бир нафар ўсмир таълим муассасасида узлуксиз дарс қолдиришга одатланган бўлса, бир нафар йигит четга чиқиб кетган. Уларнинг муаммолари ўрганилганда 40 нафари тиббий ёрдамга муҳтожлигини айтди. 4 нафари пробация назоратидан озод этишни, икки нафари контракт-тўловга ёрдам қилишни, бир нафари ишга жойлашишга, икки нафари такрорий экин экиш учун ғалладан бўшаган майдондан ер ажратишга кўмаклашишни сўради.

Ёшларнинг саломатлигини тиклашга кўмаклашиш учун ҳар бири чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунга мувофиқ мутахассислар уларнинг 19 нафари амбулатор даволаниш, 6 нафари туман тиббиёт бирлашмасида стационар, 6 нафари вилоят шифохоналарида стационар даволаниш ва 2 нафарига санаторий ҳамда реабилитация марказларида даволаниши учун тавсиялар берилди. Зарур бирламчи дори-дармон воситалари билан таъминланди.
–Қалбимизга қулоқ тутиб, муаммоларимизни ҳал этиш йўллари изланаётганидан жуда миннатдормиз,– дейди Меҳнатобод маҳалласида яшовчи Сайид Суюнов.– Эндиликда биз ўзимизни соғлигимиз қайта тиклангандек ҳис этаяпмиз. Кўрсатилаётган меҳр–мурувват, ижтимоий кўмак ва қадримиз улуғланаётгани танамизга куч бағишламоқда. Бўш вақтимизни мазмунли ўтказиш учун турли тадбирлар ташкил этилаётгани ҳам бир олам қувонч улашаётир. 

Учрашувларда оталиққа олинган ёшларнинг ҳар бир таклифи инобатга олиниб, улар учун қизиқарли тадбирлар уюштириш ҳам йўлга қўйилди. Масалан, бир гуруҳ ёшлар сектор раҳбаридан вилоятдаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларга саёҳат ташкил этишни сўради. Йигит-қизларнинг бу орзу-истаги руёбга чиқарилиб, улар учун Термиз туманидаги Ҳаким ат–Термизий мажмуаси ва Термиз шаҳридаги музейларга қизиқарли саёҳат ташкил этилди. 

Ёшлар билан манзилли ишлаш жараёнида уларни ўзлари истаган касбга қизиқтириш ва шу орқали бандлигини таъминлаш йўллари кўрилмоқда. Шу мақсадда сектор раҳбари йигит-қизларни қўшни Ангор туманидаги замонавий “Ишгa мaрҳaмaт” мономарказига таклиф этиб, бу ерда 22 та йуналиш бўйича касб ўргатаётган ўқитувчи ва мурабийлар билан очиқ мулоқот уюштирди. Шу куни ёшлар мономарказда яратилган шароитларни кўздан кечириб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди. Малакали ўқитувчи ва усталар йигит-қизларга бепул касб-кор ўрганиш истагини билдирди. 

Саёҳат ҳам, мономарказ билан танишув ҳам ёшларда бой таассурот ўйғотди.

Музработда оталиққа олинган ёшлар билан манзилли иш олиб борилаётгани уларни бахтли камолга етказишга, маънавий-ахлоқий қадриятларимиз руҳида тарбиялашга хизмат қилиб, юртимизда ёшу-кекса қадрини улуғлаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланганини кенг намоён этаётгани билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА