English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент сайловига тайёргарлик қизғин паллада
19:14 / 2023-06-07

Жорий йилнинг 9 июль, якшанба куни мамлакатимизда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.

Президент сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округида оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирга тайёргарлик жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.  

6-Наманган округ сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғунов қайд этганидек, айни пайтда Наманган вилоятида ҳам Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ белгиланган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Вилоят шаҳар ва туман ҳудудида жами 832 сайлов участкаси тузилди. Сайлов участкаларининг аксар қисми, яъни 659 таси умумтаълим мактабларида ташкил этилди.  

[gallery-12245]

Шунингдек, улар коллеж, касб-ҳунар мактаби, лицей ва техникумларда, маҳалла фуқаролар йиғини биноларида, маданият ва спорт марказларида жойлаштирилди. Бугунги кунда вилоятда сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони 1,5 миллион нафардан зиёдни ташкил этмоқда. Вилоятдаги сайлов участкалари комиссия аъзоларини шакллантиришда номзодларнинг маълумоти, ҳаётий тажрибаси, тил билиш даражаси, гендер тенглик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жами 832 сайлов участкасидаги 7 минг 480 аъзоларнинг 70 фоизи олий маълумотга эга бўлиб, улар асосан ўқитувчилар, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, шифокорлар, муҳандислар, журналистлардан иборат.  

Комиссия аъзоларининг 4097 нафари, бошқача айтганда 55 фоизи хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Марказий сайлов комиссияси қарорига асосан Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг марказий ва ҳудудий телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти, республика сиёсий нашрлари ҳамда 24 номдаги маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони тасдиқланди. Президент сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округи томонидан матбуот маркази фаолияти йўлга қўйилиб, журналистлар ва ОАВ ходимлари учун барча зарур шароитлар яратилди.  

Маълум қилинишича, бугунга келиб, Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар асосида Наманган вилоятида фаолият олиб бораётган 34 оммавий ахборот воситасининг 55 нафар ходими аккредитациядан ўтказилди. Матбуот анжуманида Президент сайлови кампанияси, Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга округ сайлов комиссияси раиси томонидан жавоб қайтарилди.  

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА