English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент қарори амалда: барчаси аҳоли фаровонлиги учун
18:59 / 2023-03-22

Бухоро вилояти Қоракўл туманида ижтимоий соҳа объектлари ҳамда кам таъминланган аҳоли хонадонларига қуёш панеллари ўрнатилмоқда.

Ҳозирда ҳудуддаги ўттизга яқин корхона ва ташкилот қуёш панели ўрнатилган бўлса, туман маҳаллаларида “Темир дафтар” га киритилган эҳтиёжманд аҳоли хонадонларидан қирқтаси худди шундай муқобил энергия манбаи билан таъминланган. Эндиликда “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ражабой Янгиева хонадони ҳам ана шундай муқобил энергия манбаидан баҳраманд бўлмоқда.  

Мазкур хонадонга ўрнатилган 4 дона панел соатига 1 кВт электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу эса уйдаги 10 та 12 Вт қувватли LED лампа чироғи, 250 Вт музлатгич ва 130 Вт қувватли телевизорни бир сутка давомида ишлатиш имконини беради. Муҳими, хонадонимиз энди қарздорлик сабаб тармоқдан узилмайди ва табиийки, электр энергиясига сарфланадиган пул маблағи ҳам тежалади. Айни кунда тумандаги худди шундай, ижтимоий муҳофазага муҳтож 94 та оилага қуёш панелини ўрнатиш ишлари давом этмоқда.  

Бу борадаги ишларнинг давоми сифатида туман умумтаълим мактаблари учун қуёш сув иситиш қурилмалари олиб келинмоқда. Мутахассисларнинг билдиришича, бу қуёш сув иситгичларининг баклари махсус иссиқ сақлайдиган материал билан қопланганлиги сабабли ҳатто, совуқ кунларда ҳам кунига атиги бир фоиз иссиқлик ҳароратини йўқотади, холос. Ускунада махсус алюминий-селектив қоплама билан қопланган 10 дона коллектор бўлиб, ушбу коллекторлар 95 фоизгача қуёш нурларини ўзига сингдириб олади ва уни сув иситишда самарали ишлатади.

Худди шундай, туман бўйича 5 та умумтаълим мактаби биносига қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш ишлари амалга оширилган бўлиб, бу лойиҳага маҳаллий бюджетдан 350 миллион сўм маблағ сарфланган. Албатта, умумтаълим мактабларини муқобил энергия манбаи билан таъминлаш ишлари бошқа таълим муассасаларида ҳам давом эттирилмоқда.

Бундан ташқари, ижтимоий соҳа иншоотлари қаторида туман тиббиёт бирлашмаси биносига соатига 14 кВт электр энергиясини ишлаб чиқаришга мўлжалланган 25 дона қуёш панели ўрнатилгани даволаш ва профилактика ишларини барқарор олиб боришда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Тармоқ мисолида олсак, туман марказидан бирмунча олис ҳудудлардаги 51-, 52-, 53-оилавий поликлиникалар, Дўрман, Бухоро, Ваҳим, Мироб, Янги турмуш оилавий шифохона пунктлари ҳамда Шўработ ва Дарғабоғи маҳалла тиббиёт пунктларига ҳам соатига 5 кВт электр энергиясини ишлаб чиқаришга мўлжалланган қуёш панеллари ўрнатиб берилган.  

Худди шундай, ҳудуддаги корхона ва ташкилотларнинг маъмурий биноларида қайта тикланувчи, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кўлами кенгаймоқда. Қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш мақсадида хусусан, туман Давлат солиқ инспекцияси биносини ҳам узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида соатига 15 кВт электр энергиясини ишлаб чиқаришга мўлжалланган 25 дона қуёш панели ўрнатилди.

Ҳудудда туман электр тармоқлари корхонаси ҳамда “Агробанк”нинг туман филиали биноларига ҳам қуёш панеллари ўрнатилган. “Агробанк” биносига ўрнатилган қуёш панеллари соатига 30 кВт электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиб, бу қуёш мини станциясидан энергия олиш билан бир қаторда, ишлаб чиқарилган энергиянинг ортиқча қисмини сотиш ҳам мумкин.

Зариф Комилов, ЎзА