Президент фармони ижрода: туман прокуратураси қуёш панеллари орқали электр энергия билан таъминланади

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан Бухоро вилоятида амалий чора-тадбирлар белгиланган.


Ҳуқуқ тартибот органларининг маъмурий бино ва иншоотларида муқобил энергия манбаларини қўллаш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган. Бухоро вилояти Шофиркон тумани прокуратурасида 237,7 кв.метр майдонни эгаллаган, муқобил энергия манбасининг умумий қуввати 50 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Ушбу станция кун давомида 220,62 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга. Йил давомида бинони 80,5 минг кВт/соат электр энергия билан таъминлайди. Бу орқали умумий истеъмолнинг ўрта ҳисобда 75-80 фоизи қопланиб, 65 миллион сўмлик электр энергия тежамкорлигига эришилади. Вилоятда бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА