English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пекинда конституциявий ислоҳотларга бағишланган тақдимот бўлиб ўтди
19:16 / 2023-03-25

Пекин шаҳрида Хитой Ижтимоий фанлар академияси (ХИФА), Хитой Медиа гуруҳи (ХМГ) ҳамда Хитой Халқаро алоқалар агентлиги (ХХАА) ҳамкорлигида “Демократия: умуминсоний қадриятлар” мавзусида иккинчи халқаро форум ташкил этилди.

Бу ҳақда “Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати хабар берди.  

Ушбу нуфузли форумда дунёнинг турли минтақаларидаги 100 дан ортиқ мамлакат ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлардан тўғридан-тўғри ва онлайн форматда 300 дан зиёд экспертлар иштирок этди. Форум доирасида “Демократия ва модернизация йўли”, “Демократия ва барқарор ривожланиш”, “Демократия ва инновациялар”, “Демократия ва глобал бошқарув”, “Демократия ва инсоният цивилизациясининг хилма-хиллиги” каби мавзулар муҳокама қилинди.  

Хусусан, иштирокчилар томонидан сўнгги юз йилликда демократия тушунчаси инсоният турмуш тарзи ва ҳаётида кенг ўринга эга бўлганлиги, шу боисдан ҳам демократияни устувор қадрият сифатида ўрганиш, ижтимоий ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги, бу эса бир томондан жаҳон халқлари демократия анъаналарини пухта ўрганиш ва ўзлаштиришни тақозо этиши, иккинчи томондан миллий қадриятлар ва қарашларни бугунги кунга жорий этиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётганлигига алоҳида урғу берилди.  

“Тараққиёт стратегияси” марказининг хорижий ҳамкорларидан бири бўлган Хитой Ижтимоий фанлар академияси таклифига биноан ушбу нуфузли форумда иштирок этган Марказнинг ижрочи директори Элдор Туляков ўз маърузаси билан қатнашди.  

Э.Туляков форум иштирокчиларини нуфузли тадбир билан қутлаб, демократия ўрнатишда, энг аввало, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини Бош қонун – Конституция билан кафолатлаш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.  

— Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият даражасига олиб чиқиш, фуқароларнинг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишига эришиш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш каби устувор йўналишлар бўлиб қолмоқда, – деди Э.Туляков. – Шунингдек, бу жараёнларда ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси, нуфузли халқаро ташкилотларнинг тавсия ва таклифлари ҳам инобатга олинмоқда.  

Айни кунларда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар доирасида эса, мамлакат Бош қомусига халқ демократиясининг Конституциявий асосларини кучайтиришга қаратилган муҳим ғоя ва қоидаларни акс эттирувчи бир қатор асосий ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.  

Шу боисдан, сўнгги йилларда эришилган ислоҳотлар ортга қайтмаслигининг ишончли конституциявий ҳимоясини таъминлаш, ушбу эришилган ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун улар Конституцияда муҳрлаб қўйилмоқда.  

Энг муҳими, ушбу ўзгартиришларнинг барчаси кўп миллатли ўзбек халқининг хоҳиш ва иродасидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда. Хусусан, Конституцияга ўзгартириш киритишни назарда тутиб ўтказилган муҳокамалар жараёнида аҳоли томонидан 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди.  

Шу билан бирга, 190 дан ортиқ давлат тажрибаси ва халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрганилди. Якунда асосий қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгиланди. Таклиф этилган ўзгартириш ва қўшимчалар ўринли бўлганлигини кўриб чиқиш мақсадида лойиҳа 6 турдаги экспертизадан ўтказилди.  

Ҳозирда фаоллар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари томонидан мамлакатда ва хорижий давлатларда 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумга қўйилган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳиятига қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.  

Форум доирасида иштирокчи давлатлар вакиллари томонидан демократик жараёнларни тадқиқ этишга қаратилган бир қатор тақдимотлар ҳам ўтказилди. Якунда ўзаро тажриба алмашиш, демократияга умуминсоний қадриятлардан бири сифатида муносабатда бўлишга эришиш мақсадида форум давомийлигини таъминлашга келишиб олинди.  

Шунингдек, форум доирасида Марказ раҳбари Элдор Туляков Хитой Марказий телевидениесининг “CGTN”  телеканалига Ўзбекистонда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларга бағишланган интервью берди.  

ЎзА