English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин эгаллайдиган икки кўргазма
18:03 / 2023-10-04

Бугун Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Пластмасса саноати – Plastex Uzbekistan-2023” ўн учинчи ва “Иситиш, вентиляция, ҳавони кондиционерлаш, сув таъминоти, сантехника, бассейнлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш технологиялари, муқобил энергия манбалари – Aquatherm Tashkent-2023” 11-халқаро кўргазмалари ўз ишини бошлади.

Шу муносабат билан ташкил этилган кўргазма очилишида Ўзбекистон Республикаси Курилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари Озода Жўраева, “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанова, Туркия ҳаво кондиционерлаш саноати экспортчилар уюшмаси президенти Меҳмет Санал ва бошқалар мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган ҳар икки кўргазма ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятларга пухта замин яратишини қайд этди.

Кўргазмаларда 18 давлатдан 300 дан зиёд компания ва корхона ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда.

Таъкидлаш керакки, “Пластмасса саноати – Plastex Uzbekistan-2023” халқаро кўргазмаси пластмасса ва полимер бозорининг сўнгги ривожланиш тенденцияларини, “Aquatherm Tashkent-2023” экспозицияси маиший сантехникадан тортиб ҳавони кондиционерлаш тизимлари ва қайта тикланувчи энергия ускуналаригача бўлган бозор янгиликлари ва энг сўнгги ишланмаларини қамраб олган.

Бу йил “Aquatherm Tashkent-2023” халқаро кўргазмасида 24 та маҳаллий компания турли хил насос ускуналари, мис қувурлар, иссиқ сув ва буғ қозонлари, радиаторлар, иқлим ҳосил қилиш тизимлари, сантехника каби маҳсулотларини иштирокчилар эътиборига ҳавола этмоқда.

– Биз ушбу кўргазмада “Shivaki” компаниясининг турли ҳажмдаги сув иситгичларини намойиш этяпмиз, –деди ушбу компаниянинг савдо менежери Руҳиддин Рафиқов. – Бундан кўзланган мақсад маҳаллий ва хорижлик ишбилармонлар билан мулоқот қилиш ва улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш. Анъанавий ўтказилаётган мазкур кўргазма биз учун ҳар йили янги имкониятларни очиб бермоқда.

[gallery-13859]

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси менежери Нодира Ҳайитбоеванинг сўзларига кўра, икки кўргазма ҳам Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин эгаллайди.  

– Кўп йиллардан буён анъанавий намойишга айланган кўргазмалар фаолияти ва уларда қатнашиш истагини билдираётган ишлаб чиқарувчиларнинг сон жиҳатдан йилдан-йилга ошиб бораётгани фикримиз исботидир. Шу ўринда “Plastex Uzbekistan-2023” халқаро кўргазмаси  Ўзбекистонда пластмасса ва полимерлар соҳасидаги етакчи кўргазма ҳисобланади. Худди шу каби  “Aquatherm Tashkent-2023” кўргазмаси бевосита куз-қиш фаслига тараддуд кўриш жараёнида янгиликлар билан танишишда янада аҳамиятли. Чунки айнан куз фаслида иситиш, вентиляция, ҳавони кондиционерлаш, сув таъминоти, сантехника, бассейнлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш технологиялари, муқобил энергия манбалари тақдимоти билан яқиндан танишиш ҳар қандай муаммолар ечимида фойдалидир, – деди Н.Ҳайитбоева.  

Хитойнинг “Haowang Group” компанияси маҳсулотлари “Plastex Uzbekistan-2023” халқаро кўргазмаси павильонидан ўрин олган. Компания учун ажратилган бўлимда гулқоғозлар намойиш этиляпти.

– Компаниямиз асосан девор пардози учун гулқоғозларни ишлаб чиқаради. Биз мамлакатингизда ўтказилаётган кўргазмаларда бу гал учинчи бор иштирок этаяпмиз. Биринчи йили иштирок этганимизда у даражада натижа бўлмади. Иккинчи йили эса жуда самарали бўлди. Бу гал эса катта қизиқиш билан қатнашмоқдамиз. Негаки, энди Ўзбекистонда ҳамкорларимиз сони ошиб бормоқда, – деди “Haowang Group” компанияси савдо менежери  Жуди Джу.

Кўргазма 6 октябрь куни ўз ишини якунлайди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА мухбири.