Ўзбекистонга ўқотар қурол олиб кирмоқчи бўлган фуқаро ушланди
Божхона қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистонга ўқотар қурол олиб кирмоқчи бўлган фуқаро ушланди. У халқаро аэропортга «Екатеринбург – Тошкент» йўналиши бўйича учиб келган.
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти чегара-божхона пости ходимлари томонидан «Екатеринбург – Тошкент» йўналиши бўйича учиб келган фуқаронинг 1 дона яшил рангли йўл сумкаси тегишли тартибда текширилди. Натижада сумка ичидан божхона назоратига белгиланган тартибда тақдим этилмаган, оғзаки сўровда маълум қилинмаган, ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларисиз бўлган 1 дона «STALKER» пневматик тўппончаси ҳамда 860 дона ўқлар борлиги аниқланди.
Бу ҳақда «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси ахборот хизмати маълум қилди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Ш.Маматуропова, ЎзА