English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар бериш бошланди
13:30 / 2022-11-18

Мамлакатимизда крипто-активлар бозорини ривожлантириш ва ҳуқуқий асосларини яратиш соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солиш бўйича шакллантирилган норматив-ҳуқуқий база мавжуд бўлган дўнёдаги кам сонли давлатларидан бири ҳисобланади.  

Хозирги кунда, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ва 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом ва Крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш қоидалари ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. 

Ўзбекистон истиқболли лойиҳалар агентлиги хабарига кўра, агентлик томонидан крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун “Crypto Trade NET” МЧЖ ва “Crypto Market” МЧЖларга биринчи лицензиялар берилди. 

Тегишли маълумотлар лицензияларнинг электрон реестрига белгиланган тартибда киритилган ҳамда агентликнинг расмий веб-саҳифасида фойдаланиш учун очиқ ҳисобланади. Шу билан, "Crypto Trade NET” МЧЖ ва “Crypto Market” МЧЖлар Марказий Осиё ва МДҲ ҳудудидаги биринчи крипто-дўконлар бўлди. 

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Адлия вазирлигида крипто-дўкон ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солиш қоидалари рўйхатдан ўтказилди. Унга кўра, крипто-дўкон электрон платформа ва савдо объекти орқали мижозларга хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Қонунчиликда бундай фаолият тури учун ҳар ой 6 миллион сўм тўлов белгиланган.  

Крипто-дўконнинг электрон платформаси орқали, жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни миллий валютада сотиб олиш ёки сотиш, чет эллик жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни хорижий валютада сотиб олиш ёки сотиш мумкин бўлади. 

Жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасида йиғимлар миқдори белгиланди. Жумладан, майнинг фаолияти учун — БҲМнинг 10 баравари (3 млн сўм), крипто-биржа фаолияти учун — БҲМнинг 400 баравари (120 млн сўм) крипто-дўкон фаолияти учун — БҲМнинг 20 баравари (6 млн сўм) тўлов қилиш керак бўлади.  

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА