English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда
19:01 / 2024-09-17

Муносабат

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик тарихи узоқ даврга бориб тақалади. Икки халқнинг маданий ва маънавий қадриятлари бу ҳамкорликни янада чуқурлаштириб келмоқда. 

Жорий йил 12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикасининг ташқи ишлар вазири Ҳакан Фида бошчилигидаги делегaцияни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон Президентининг жорий йил 6-7 июнь кунлари Туркияга амалга оширган расмий ташрифи доирасидаги истиқболли савдо-иқтисодий шериклик, стратегик муносабатлар ва минтақалараро хавфсизлик бўйича келишувларни ривожлантириш юзасидан музокаралар олиб борилди. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Туркия билан яқин алоқалар ўрнатилиши, айниқса, Туркия Ўзбекистон Республикасини мустақил давлат сифатида дунёнинг илк давлатлари қаторида биринчилардан бўлиб тан олгани, тарихий қимматга эга. Бугунги кунга қадар иқтисодиёт, таълим, туризм, саноат, технологиялар ва маданият каби кўплаб соҳаларда муваффақиятли ҳамкорлик давом этмоқда. Туркия ва Ўзбекистоннинг ўзаро муносабатлари бугунги кунда фақат давлатлараро даражада эмас, балки минтақавий интегрaция ва халқаро миқёсда ҳам аҳамиятли ўринга чиқди.

2017 йил 25 октябрда Президент Шавкат Мирзиёев Туркияга расмий ташриф билан борди. 2018 йил 30 апрель куни эса Режеп Таййип Эрдоғаннинг мамлакатимизга расмий ташрифи бўлиб ўтди. Олий даражадаги учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициялар, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган битимлар имзоланди. 

2021 йилнинг 10 мартида Тошкентда ўтказилган навбатдаги учрашувда эса Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни кенгайтиришга қаратилган келишувларга эришдилар. 2022 йилнинг 16 ноябрь куни эса Самарқандда бўлиб ўтган саммитда ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мақсадида янги келишувлар имзоланди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Анқара ва Истанбулга 2023 йил 6-7 июнь кунлари бўлиб ўтган ташрифи эса стратегик ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича катта келишувлар амалга оширилгани билан янада аҳамиятли бўлди.

 Икки давлат ўртасидаги муносабатларда Туркий Тилли Давлатлар Ҳамкорлик Кенгаши (Туркий Кенгаш) доирасидаги алоқалар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада Ўзбекистон ва Туркия мунтазам расмий учрашувлар ўтказиб келмоқда. Туркий Кенгашнинг асосий мақсади туркий тилли давлатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришдир. 

Кейинги йилларда Туркий Тилли Давлатлар саммити минтақа ва келажак-истиқболи учун амалий саъй-ҳаракатлар билан улкан ёш платформага айланмоқда. Платформадаги долзарб масалалар, жумладан, «Яшил макон»,кластерлар, кооперaциялар, қўшма корхоналар фаолиятини кенгайтириш ва «Туркий альфавит лойиҳаси»ни жорий қилиш илгари сурилмоқда. Туркий альфавитнинг туркийзабон халқлар истеъмолига ўтиши улар ўртасида кўп йиллик истиқболли таклифлар бўлиб, ягона лотин ёзуви асосидаги альфавитни ишлаб чиқиш масаласини майдонга чиқарди. Лойиҳа туркий тилли давлатлар ўртасидаги маданий ва илмий ҳамкорликни институционал чуқурлаштиришга хизмат қилиши табиий.

 Ҳозирги вақтда Туркияда 3 минг нафарга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда, уларнинг айримлари «Туркия Бурслари» стипендия дастурлари орқали молиялаштирилади. Бу кўрсаткич кейинги йилларда сезиларли даражада ошгани статистик маълумотларда қайд этилган. 

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги алоқалар нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки маданий ва туристик соҳаларда ҳам жадал ривожланмоқда. 

Мамлакатимизга Туркиядан келаётган сайёҳлар оқимининг 3 баробарга ошгани, яъни 2024 йилнинг январь-апрель ойларида 31,4 минг нафар турк фуқароси Ўзбекистонга туристик мақсадларда ташриф буюргани иқтисодий алоқалар янада кучайганини кўрсатади.

Икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларнинг асосий йўналишларидан бири шубҳасиз, инсон капиталини ривожлантириш ва саноат, инфратузилма, энергия, тўқимачилик, қурилиш ҳамда аграр секторлардир. 

Ўзбекистон Туркияга пахта ва тўқимачилик маҳсулотларини йирик экспорт турлари сифатида етказиб беради. Бу соҳа икки давлат ўртасидаги савдонинг муҳим қисми ҳисобланади. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги қўшма корхоналар сони жадал ўсиб бормоқда. 

Турмуш тарзи ўхшаш халқлар учун озиқ-овқат ва истеъмол талаблари ҳам бир хилдир. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидан мева-сабзавотлар, қуритилган маҳсулотларни, шу билан бирга, табиий ресурсларга бой давлат сифатида минераллар ва кимёвий моддаларни экспорт қилади. Шулар жумласига металл ва металлдан тайёрланган маҳсулотлар ҳам киради. Ўз навбатида Туркиядан Ўзбекистонга турли саноат машиналари, автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги ускуналари, тўқимачилик соҳасидаги замонавий дастгоҳлар ва материаллар импорт қилинади. 

Туркиянинг Марказий Осиёдаги бошқа давлатларга қараганда Ўзбекистонга кўпроқ сармоя киритиши, унинг минтақадаги тинч-осудалиги, барқарор иқтисодий ўсиши ва бой табиий ресурслар имкониятларга эга эканлигини кўрсатади.

Шерзод ҚУРБОНОВ, 

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ходими, 

эксперт