
Муносабат
Хабарингиз бор, Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турибди.

Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги дўстлик, қатор масалаларда жадал ривожланаётган соҳалар истиқболи юзасидан Тошкент Давлат шарқшунослик университетининг “Япония тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти” кафедраси ўқитувчиси, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Зилола Қосимова ўз фикрларини билдирди:
– Ўзбекистон Республикаси Осиё – Тинч океани минтақасидаги мамлакатлар билан ўзаро алоқага катта эътибор бериб келмоқда. Хусусан, дунёнинг йирик молия марказларидан бири, самарали ислоҳотлар ва инновация имкониятларга эга Сингапур билан сўнгги йилларда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини кўришимиз мумкин.
Сингапур Республикаси Ўзбекистоннинг мустақиллигини 1992 йил 27 декабрда тан олган. 1997 йил 8 апрелда эса иккала давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. 2007 йилда Сингапур давлатида Ўзбекистон элчихонаси очилди. Шу тарзда иккала давлат ўртасида ўзаро муносабатлар ривожлана бошлади.
Ёдингизда бўлса, 2023 йил 16-18 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқубнинг таклифига биноан ушбу давлатга расмий ташрифни амалга оширган эди. Ташриф давомида Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб ва мамлакат Бош вазири Ли Сян Лун билан олий даражада учрашув, музокаралар ўтказилди.
Президентимиз жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлган Сингапур миллий университети ҳузуридаги Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактабига ташриф буюрди.
Сингапурнинг биринчи Бош вазири ва ушбу мамлакат “иқтисодий мўъжизаси” муаллифи Ли Куан Ю шарафига номланган мактаб давлат сиёсати ва халқаро муносабатлар соҳасида магистратура дастурлари асосида кадрлар тайёрлашга, илмий ва сиёсий тадқиқотлар ўтказишга ихтисослашган.
Ўзбекистон Президенти ҳузурида Ўзбекистон давлат бошқаруви академияси ва Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаш маросими бўлди.
Икки мамлакат ўртасида бешта йўналишда ҳамкорликка келишиб олингани ҳам қувонарли. Давлат бошқаруви учун кадрлар тайёрлаш, инвестициялар, “яшил” технологияларни жалб қилиш, шаҳарсозлик ва коммуникациялар соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувларга эришилган.
Товар айланмаси, экспорт ва импорт муносабати 2017 йилдан 2022 йилга қадар йил сайин юқори динамикани намойиш этди. Ўзбекистон ва Сингапур ўзаро шерикликни ривожлантириш ва кенгайтиришдан манфаатдор – икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар динамикаси шундан далолат беради. Жумладан, 2020-2021 йилларда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш миқдори қарийб 30 фоизга ўсди.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида Сингапур ижодий гуруҳларининг мунтазам равишда “Шарқ тароналари” фестивалидаги иштирокини қайд этиш мумкин.
Шунингдек, Сингапурда таълим соҳасида эришилаётган муваффақиятлар дунё миқёсида эътироф этилмоқда. Мамлакатда инновация ва технологиялар соҳасидаги муайян ютуқ ва тажрибаларни ўрганиш аҳамиятлидир.
Маълумот ўрнида: 2008 йилда Тошкентда Сингапур менежментни ривожлантириш институти ташкил этилди. Олий билим масканида “Банк иши”, “Бизнес менежменти”, “Туризм” ва “Бизнесдаги замонавий ахборот технологиялари” йўналишлари бўйича малакали кадрлар тайёрланмоқда.
2021 йил октябрда Тошкентда Сингапурнинг иккинчи олий таълим муассасаси – “TMC Institute” ташкил этилди. Ўтган йили октябрда эса олийгоҳ кампусининг очилиши бўлиб ўтди. Бу ерда таҳсил олаётган талабалар сони 12,5 баробарга ошди.
Гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг яна бир муҳим ва муваффақиятли намунаси сифатида 2021 йил Сингапурнинг "SixClouds Pte. Ltd." компанияси томонидан амалга оширилган Қорақалпоғистондаги 300 та мактаб ва мамлакатимиз ҳудудидаги 14 та Президент мактаблари учун инглиз тилини ўрганиш бўйича онлайн дастур тақдим этилганини қайд этиш мумкин.
Маълумки, сайёҳлик ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун жуда истиқболли соҳа ҳисобланади. Икки давлат катта сайёҳлик салоҳиятига эга ва туризм алмашувини фаоллаштиришдан бирдек манфаатдор.
Ўзбекистонни сингапурлик туристлар учун янги сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб қилиш мақсадида 2018 йилда Сингапур фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилди. Бу сайёҳлар оқимининг кўпайишига ёрдам берди, аммо йўналиш салоҳиятидан ҳали тўлиқ фойдаланилмаган. Ўз навбатида Сингапурнинг туризм соҳасидаги бой тажрибаси Ўзбекистон учун ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг яна бир нуқтаси ҳисобланади.
Сингапур эришган иқтисодий ва ижтимоий муваффақиятларда кадрлар сиёсати, малакали, масъулиятни ҳис этган ва ҳалол раҳбарларни тайёрлашга эътибор муҳим ўрин тутади. Шуни инобатга олиб, Сингапурнинг давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳасидаги тажрибасини ўрганиш ва қўллаш катта аҳамиятга эга.
Шунингдек, илму фанга эътибор, жамиятда муаллимларнинг мақомини кўтариш, коррупцияга қарши курашиш, тадбиркор ва инвесторлар манфаатини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг туризм салоҳиятини кўтариш, қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ва бошқа кўплаб устувор вазифаларни амалга оширишда мамлакат тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса шуки, Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги жуғрофий масофа жуда яқин бўлмаса ҳам, мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш учун барча имкониятлар мавжуд.
Шундай қилиб, давлатимиз раҳбарининг Сингапурга ташрифи, Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқубнинг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат халқлари тараққиёти ва фаровонлиги йўлидаги ўзаро манфаатли ҳамда ишончли шериклик муносабати равнақига хизмат қилади.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди