English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Россия Федерацияси: Прагматизм – минтақа учун тажриба лойиҳаси
14:04 / 2024-06-01

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг  Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида расмий делегациялар ўртасида кечган музокара иштирокчиси сифатида ушбу тадбирларнинг бир неча ўзига хос жиҳатини қайд этишни истардик.

Россия етакчисининг Хитой Халқ Республикасига сафаридан кўп ўтмай амалга оширилган мазкур ташриф давомида ўзаро манфаат ва ривожланиш истиқболини ҳисобга олган ҳолда, глобал хавфсизликни таъминлаш  масаласи, минтақавий ва глобал миқёсда айрим мамлакатлар ўз стратегик  қарашини бир томонлама илгари суриши натижасида юзага келган муаммолар кўриб чиқилди. Кўриниб турибдики, глобал, стратегик, сиёсий ва иқтисодий барқарорлик масаласи ҳам Москва, ҳам Пекин томонидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий ҳамкорлик асосини мустаҳкамлаш ташаббуси билан ҳамоҳанг эътироф этилмоқда.

Президент Владимир Путин “Ўзбекистон – бизнинг стратегик ҳамкоримиз ва ишончли иттифоқчимиз”, – дея таъкидлади. Икки мамлакат муносабати тенг ҳуқуқ, ўзаро ҳурмат ва бир-бири манфаатини ҳисобга олиш тамойили асосида  жадал ривожланиб бораётгани билан хоссаланади. Москва икки томонлама алоқаларга устувор эътибор бермоқда.

Тарих фанлари доктори, РФ Ташқи ишлар вазирлиги Москва давлат халқаро муносабатлар институти етакчи катта илмий ходими Александр Князев «Независимая газета»га берган интервьюсида шундай деди:

– РФ Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасида кенг қамровли стратегик ҳамкорлик ҳақиқатда мавжудлигининг тасдиғидир. Айниқса, Россияга қарши қаратилган гибрид уруш шароитида мамлакатимизнинг ҳозир дунёда эгаллаб турган ўрни билан боғлиқ қийинчиликни ҳисобга олсак. Бошқа пойтахтлар каби Тошкентга ҳам Ўзбекистонни Россиядан узоқлаштиришга қаратилган жиддий босим ўтказилаётган бўлса-да, айни усул иш бермаяпти. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун икки мамлакат ўртасидаги нафақат иқтисодиёт ва энергетика, балки  сиёсат, маданият, таълим, ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорлигини кўриб чиқиш етарли.

Сиёсий ва иқтисодий прагматизм Россия Федерацияси ва Ўзбекистон муносабатининг  муҳим омили сифатида қай даражада намоён бўлмоқда?

Кучайиб бораётган сиёсий беқарорлик минтақа мамлакатлари хавфсизлигини таъминловчи омилларнинг янги мазмунини қидириб топишга ундамоқда. Бир қутбли дунё универсал умуминсоний қадриятларни ўзига хос тарзда тушуниши билан кўпгина мамлакатлар ва халқлар ривожи барқарорлигига хавф туғдирувчи воситага айланди. Украина ва Яқин Шарқдаги воқеалар баъзи мамлакатлар тараққиётини бир томонлама талқин қилиш натижаси ўлароқ, қўшни мамлакатлар истиқболини, ҳақиқатан, сезиларли даражада чеклаши мумкин. Ва шу маънода, мамлакатларнинг Ўзбекистон узоқ ва тушунарсиз истиқболда эмас, балки, ҳозир ривожланишини таъминлайдиган аниқ манфаатдан келиб чиқадиган ёндашув ва таклифлари юксак ишончга сазовор.

Биринчидан, Республикамиз Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан юртимизнинг халқаро майдонда иқтисодий, сиёсий жиҳатдан мустаҳкамланиши минтақага глобал даражада таъсир ўтказишга даъвогар стратегик кучлар манфаатига жавоб бермаслигини англаш ва қабул қилишдан келиб чиқади.

Қўшни давлатлар энергетика бозори глобаллашуви, интеллектуал технология таъсири кучайиши, билим ва технологияни тарқатишда фаол минтақавий интеграция, аҳоли сафарбарлигини ошириш ва бир минтақадан бошқасига  кўчадиган барча фуқароларга яшаш учун мақбул шароит яратувчи  инфратузилмани ривожлантиришга нисбатан тегишли эҳтиёж каби глобал  тараққиёт трендларидан минтақа ва Ўзбекистон жиддий даражада ортда қолишидан манфаатдор эмас. Акс ҳолда, қўшниларимиз муаммоси тез орада  бошқа мамлакатларнинг ҳам муаммосига айланиб қолади. Россия Федерацияси ва Ўзбекистон айнан шундан келиб чиқиб, терроризм ва наркотрафикка қарши курашишда махсус хизматлар ҳамкорлигини  ривожлантиришга келишиб олди.

Иккинчидан, айнан қўшнилар асосий савдо ва инвестициявий ҳамкоримиз саналади. Ўзбекистоннинг Хитой билан савдо айланмаси 2023 йил якунида 13,7 миллиард доллар (умумий ташқи савдонинг 21,9 фоизи), РФ билан 9,9 миллиард доллар (15,8 фоиз), Қозоғистон билан 4,9 миллиард доллар (7 фоиз)ни ташкил этган ҳолда, мутлақо янги босқичга кўтарилди. Бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа қўшни давлатлар билан товар айирбошлаш миқдорини жамлагандан анча кўп. Хусусан, сўнгги етти йилда  Ўзбекистон – Россия маҳсулот ва хизмат айирбошлаш ҳажми 2,5 баробар ошган.

Учинчидан, ҳар қандай давлат учун суверенитетни таъминлашнинг асосий шарти энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳисобланади. Айнан шу боис, энергетика, жумладан атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновацион миграция, хавфсизлик ва бошқа масалалар икки мамлакат етакчилари музокаралари асосини ташкил этди.

Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияси қуришга келишилади. Энг муҳим лойиҳалар, жумладан металлургия кластери ва газ-кимё мажмуаси учун “Газпромбанк” ва “ВЭБ.РФ” Давлат тараққиёт корпорацияси кредити жалб қилинади. Умуман, Путин таъкидлаганидек, Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги бўйича 63 банддан иборат “Йўл харитаси” муваффақиятли  амалга оширилмоқда.

Тўртинчидан, давлат ташрифи давомида нафақат марказий ҳокимият идоралари ва давлат корпорациялари, балки ҳудудлар ўртасида бевосита шериклик истиқболи ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бунга кучли туртки берди. Ўзбекистонда болалар учун қуруқ сут аралашмаси ишлаб чиқарувчи биринчи завод очилади ва “Контейнер для МСП” лойиҳаси доирасида кичик ва ўрта бизнес  маҳсулотлари экспорти йўлга қўйилади. Москва вилояти губернатори Андрей Воробьев Тошкентда бўлиб ўтган Ҳудудлар кенгашида ҳукумат дастури ҳақида сўзлади. Бу платформа кичик компанияларга юк жўнатиш ва ташқи бозорга чиқиш имконини беради.

Бешинчидан, меҳнат миграцияси асосини биргаликда, давлатлар аро тартибга солиш ҳар икки томон учун ҳам муҳим. РФ раҳбари мамлакатнинг иқтисодиёти, жумладан қурилиш ва транспорт соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшаётгани учун Ўзбекистон фуқароларига муносиб меҳнат шароити яратиш йўлида бор имкониятни амалга оширишини таъкидлади.

“Крокус Сити Холл”даги террор ҳаракатидан кейин миграция сиёсатини кучайтиришга қаратилган чоралар ортидан ўзига хос чекловлар жорий қилинди. Шу нуқтаи назардан мигрантлар, жумладан ўзбекистонлик меҳнат  муҳожирлари учун маълум миқдорий чекловлар ўрнатишга нисбатан ёндашув тушунарли. Томонларнинг бу масаладаги ўзаро қараши тегишли давлат идоралари, биринчи навбатда ички ишлар вазирликлари орқали такомиллаштирилади.

Расмий тадбирлар давомида Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев тор, кенгайтирилган таркибда музокара олиб борди, икки томонлама расмий ҳужжатларни имзолаш маросимига бошчилик қилди. Қабул қилинган жами 28 ҳужжатни амалга оширишнинг тегишли институционал механизми яратилди.

А.Князевнинг юқорида қайд этилган интервьюсига яна қайтамиз:

– Ўзбекистон Марказий Осиёда тобора минтақани шакллантирувчи куч, ядрога айланиб бормоқда, мамлакат атрофида минтақа шаклланмоқда. Атрофидаги барча мамлакатларга нафақат ўз манфаатига асосланган, балки қўшни давлатлар учун ҳам бирдек қизиқ бўлган ташаббусларни таклиф эта оляпти. Россия ва Ўзбекистон қўшма ташаббусларининг аксарияти Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига ёйилиши, кенг минтақага таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, энергетика соҳасида Ўзбекистонда “Росатом” давлат корпорацияси томонидан АЭС муваффақиятли қуриладиган бўлса, бу умумий тараққиёт драйверига айланади. “Россия темир йўллари” иштирок этиш истагини билдирган Трансафғон темир йўли қурилиши ҳам тараққиётга туртки берадиган омил бўлиши мумкин.

Албатта, Укараина ва Россия ўртасидаги зиддият сабаб юзага келган, техник жиҳатдан мураккаб лойиҳалар ечими ҳали ишлаб чиқилиши зарур. Гап миллий валюталарда ҳисоб-китобга ўтиш механизми ҳақида. Бу жараёнда энг  кўп хавф иккиламчи санкция ва миллий валюталар курси ўзгариши билан боғлиқ йўқотиш, шунингдек узоқ муддатли шартномалар асосида бозорга етказиб бериладиган маҳсулотлар нархидир.

Миллий валюталарда тўлов амалга оширилиши Россия товарларининг ўзбек бозорида янада рақобатбардош бўлишига хизмат қилиши аниқ. Зеро, экспортчилар зиммасига валютани конвертация қилиш учун қўшимча харажат тушмайди.

Ўзбекистон раҳбари Владимир Путиннинг ташрифини “ҳақли равишда тарихий деб аташ мумкин”, бу “мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатида янги босқич бошланганидан далолат”, деди.

Шавкат Мирзиёев бугунги кунда Ўзбекистон – Россия ҳамкорлиги давлатлараро ҳамкорликнинг барча соҳа ва йўналишларини қамраб олган “мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилгани”ни ҳам таъкидлади.

Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Қўшма баёнот имзоладилар. Ҳужжатда  томонлар минтақавий ва халқаро мавзулар бўйича  фикр алмашгани, ўзаро ҳамкорлик йўналишларига ойдинлик киритилгани таъкидланди. Давлат раҳбарлари парламентлараро алоқа юқори даражага кўтарилганини эътироф этиб, ислоҳотларни қонунчилик билан таъминлаш соҳасидаги мувофиқлаштиришни юксак баҳоладилар. Қайд этилишича,  кенг кўламли халқаро мавзулар, жумладан минтақавий ҳамда глобал хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича Россия ва Ўзбекистоннинг позициялари бир-бирига яқин. Савдо ҳажмини ошириш режаси, маданият, техник кўмак кўрсатиш ва илмий тадқиқот соҳасида ҳамкорлик  қилиш - асосий келишувлардан биридир.

Ўзбекистан Республикаси

Президенти ҳузуридаги

Стратегик ислоҳотлар агентлиги,

ЎзА