
Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон ишчи гуруҳи Миср Араб Республикасида бўлиб турибди. Ташриф доирасида Қоҳирада йирик вазирлик, идоралар раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказилди. Музокара давомида устувор тармоқларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди.
Хусусан, Савдо ва саноат вазири Аҳмад Солиҳ билан савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳада шерикликни чуқурлаштириш бўйича келгуси тадбирлар кўриб чиқилди. Жумладан, Порт-Саид шаҳрида қўшма Саноат кооперацияси ва маҳсулот тарқатиш маркази ташкил қилиш масаласи кўтарилди. Шу билан бирга имтиёзли савдо тўғрисида битим тузиш ва имзолаш, ишбилармонлар қўшма кенгашини ташкил этиш ва тузилманинг биринчи йиғилишини 2023 йил иккинчи ярмида Тошкентда ўтказиш бўйича амалий чора-тадбирлар келишиб олинди.

Халқаро ҳамкорлик вазири Рания Ал-Машат билан Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Миср Ҳукуматлараро комиссияси 7-йиғилишини жорий йил сентябрда пойтахтимизда ўтказиш, шунингдек, саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни қисқа муддатда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида келишувга эришилди.
“Air Cairo” авиакомпанияси раиси Ҳусайн Шариф билан суҳбатда Ўзбекистон ва Миср ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови сонини ошириш ва географиясини кенгайтириш имконияти муҳокама қилинди. Миср томони яқин орада Қоҳира – Тошкент – Қоҳира йўналиши бўйича мунтазам рейс йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. Авиакомпания раҳбари, шунингдек, бошқа йўналишлар қатори Хургада ва Шарм Ал-Шайхга парвозни ҳафтасига 14 тага етказиш нияти борлигини маълум қилди.

Миср Инвестициялар ва эркин иқтисодий зоналар агентлиги Бош директори Ҳуссам Ҳайба билан сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш режаси кўриб чиқилди. Ўзаро шерикликни янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилиб, ҳар икки мамлакат компанияларининг миллий бозорга чиқишига кўмаклашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди.
ЎзА