English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари экспертлар нигоҳида
14:00 / 2024-08-08

Халқаро минбар

Тарихи ва маданияти муштарак қўшни мамлакатлар – Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиё салоҳиятини мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва фаровонликни таъминлашга улкан ҳисса қўшаётган ишончли стратегик ҳамкорлардир.

Ҳар икки давлат минтақавий шериклик кун тартибини изчил амалга оширмоқда. Умумий саъй-ҳаракат натижасида бугун Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит вужудга келган, дейиш мумкин. Минтақа халқаро дипломатия, сиёсий фаоллик ва иқтисодий тараққиётнинг янги маркази сифатида шаклланмоқда.

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи, шунингдек, Остонада бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ва “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти биринчи саммити олдидан икки мамлакат етакчи экспертлари фикрини ёзиб олди.

Алишер Тастенов, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқот институти эксперти:

– Кейинги йилларда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида жадал ривожланмоқда. Икки қардош ўлка ўртасида 1998 йил октябрда тузилган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йил июнь ойида имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ва 2022 йил декабрда қабул қилинган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома асосий фундаментал давлатлараро ҳужжатлар ҳисобланади.

Марказий Осиёдаги умумий савдонинг 57 фоизи давлатларимиз ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги 5 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон товар айланмаси қарийб 30 фоиз ўсди. Жорий йил 4 ойда айни кўрсаткич 1,2 миллиард доллардан ошди. Ушбу рақамни 10 миллиард долларга етказсак, ҳар икки давлатда агросаноат мажмуи, озиқ-овқат саноати ва умуман, саноат кооперацияси даражаси кескин ортади.

Эътиборли жиҳати, мамлакатларимиз маҳсулот айирбошлашни кенгайтиришдан ташқари, қўшма лойиҳаларга ҳам фаол сармоя киритмоқда. Масалан, ўтган йил икки томонлама инвестиция миқдори қарийб 86,2 миллион долларни ташкил этди.

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ва Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида 100 гектар майдонга эга “Марказий Осиё” саноат кооперацияси халқаро маркази қурилиши энг йирик қўшма лойиҳаларимиздан биридир. Яқин истиқболда марказ фаол ривожланаётган Шимолий – Жанубий – Марказий Осиё иқтисодий йўлаги учун асосий платформага айланади ва қўшимча рағбатлантирувчи шарт-шароит яратади.

Эътироф этиш жоиз, ўзаро ҳамкорлик суръати сезиларли даражада ошишида давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари асосий омил бўлмоқда. 2022 йил декабрь ойида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга борди. 2023 йил март ойида Чимкентда икки мамлакат етакчиларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Биласизми, бундай мулоқотларда товар айланмасини тезлаштириш, сармояни кўпайтириш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболи доим диққат марказида бўлиб келган.

Хусусан, 2022 йилдаги ташрифнинг асосий натижалари мазмунан икки тарихий ҳужжат – Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ва икки давлат ўртасида Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги битимда акс этди. Бундан ташқари Қозоғистон ва Ўзбекистон трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва Орол фожиаси оқибатини бартараф этиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш тарафдори экани маъқулланди.

Остонадаги тадбир ҳам минтақа тараққиёти учун муҳим воқеа сифатида кўп қиррали ҳамкорликнинг яқин келажакдаги истиқболини белгилаб беришига шубҳа йўқ. Саммитда “Марказий Осиё-2024” минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш стратегияси тасдиқланиши режалаштирилган. Ушбу ҳужжат беш томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақамизнинг халқаро субъективлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

Мунтазам маслаҳат учрашувларини ўтказиш ғояси илк бор 2017 йил Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган. Кейинги йил Остона шаҳрида илк анжуман бўлиб ўтди. Ўтган давр мобайнида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашуви муҳим анъанага айланиб, минтақавий ҳамкорлик ва ривожланиш йўлида умумий муаммоларни ҳал этиш бўйича биргаликда чора-тадбирлар кўриладиган самарали майдон бўлиб қолди.

Қувонарли жиҳати, сўнгги йилларда минтақавий ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланди. Энг муҳими, “C5+1” форматида ҳам икки ва кўп томонлама шериклик кўлами анча кенгайди. Сўнгги 10 йилда минтақа мамлакатлари товар айланмаси 2,5 баробар ошиб, қарийб 11 миллиард долларга етди.

Умуман, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сармоявий имкониятни яхшилаш Марказий Осиёда иқтисодий тараққиёт ва ишбилармонлик муҳитини ривожишининг асосий омилига айланмоқда.

Фарход Каримов, сиёсий фанлар доктори:

– Бугун комил ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қардошлик алоқалари кун сайин мустаҳкамланмоқда. Албатта, ташқи минтақавий сиёсатимизда бу ўлка жуда муҳим. Зеро, бизнинг тарихимиз бир, ривожланиш босқичларимиз ўхшаш.

Асосийси, Марказий Осиё давлатлари иқтисодий ва сиёсий нуқтаи назардан ҳамжиҳат ривожлана олади ва буни ривожланган давлатлар яхши англаб етган. Шунинг учун ҳам дунё бугун минтақамиз келажагини “C5+” форматларида кўряпти.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқоти натижасида ушбу формат тобора кенгаймоқда. Бу интеграциянинг ижобий шакли, десак бўлади. Шу билан бирга ҳали қилиниши керак бўлган ишлар талай.

Айтиш жоиз, мазкур интеграция жараёнида Ўзбекистон ва Қозоғистон муҳим ўрин эгаллаган. Бу икки юрт аҳолиси, ҳудуди, иқтисоди нуқтаи назаридан минтақада етакчи. Яъни, давлатларимизнинг ўзига хос тарзда тараққий этиши бутун Марказий Осиёга таъсир қилишини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Ўйлайманки, Остонадаги учрашувларда ҳам қатор истиқболли расмий ҳужжатлар имзоланиб, кейинги муҳим босқичлар муҳокама марказига чиқади.

Фикримча, дунёдаги етакчи сармоядорларнинг Марказий Осиёга киритадиган инвестициясида боғлиқлик, яъни иштирокчи давлатлар умумий мулоқоти бўлиши шарт. Бундай сармоя алоҳида шаклда эмас, балки худди занжир мисол шаклланиб, бир-бирини тўлдириши керак. Бунинг учун эса Марказий Осиё давлатлари инвестиция лойиҳаларни бирга амалга ошириши лозим.

Маълумки, минтақа давлатлари иқтисодиёти ўхшаш. Мана шу иқтисодиётни диверфикация қилиш керак. Ҳозирча ўзаро маҳсулот алмашинуви мукаммал эмас. Мамлакатларимиз ўзаро бир-бирини тўлдирувчи маҳсулотларни етказиб бериши зарур. Шундагина умумий интеграция изчил тус олдаи ва Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти жадал тараққий эта бошлайди.

Яна бир муҳим жиҳат бор: “C5+” форматига ҳозир қизиқиш жуда юқори. Кўп давлатлар Марказий Осиёни интеграциялашаётган ягона субъект сифатида кўряпти. Остонада ўтадиган “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти биринчи саммити ҳам бунинг яққол далили.

Ишонамизки, бўлажак олий даражадаги учрашувлар халқларимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлади.

Ўткир АЛИМОВ ёзиб олди.

ЎзА