English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Қирғизистон: ижтимоий-иқтисодий интеграциялашуви янги босқичда
12:33 / 2023-01-31

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати ташқи сиёсатда ўз прогматик позицияси билан барча масалаларда иқтисодий шериклик, интеграцион ва институционал ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда қулай инвестицион муҳит яратишга интилмоқда.

Бундай конструктив ва дипломатик муносабатларни айниқса, чегарадош давлатлар билан яхши қўшничилик, чегаравий муаммоларни тинч йўл билан ҳал этишда эришилган келишувларда кўриш мумкин.

Ўзаро ишонч асосида икки мамлакат ўтган йили ўзбек-қирғиз давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш орқали кўп йиллик оғишиб келаётган геосиёсий вазиятларни мувозанатлаштира олди. Энг муҳими, оқилона олиб борилган музокаралар ўлароқ, икки давлат ўртасида мунозарали ҳудудлар қолмагани эътироф этилмоқда.

Жумладан, Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентининг таклифига биноан 26-27 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга борганида, Президент Садир Жапаров қирғиз-ўзбек чегараси бўйича делимитация келишувлари хайрли ислоҳотларга боғланиб кетаётгани, ўзаро зиддият йўқлигини эътироф этиши иқтисодий юксалиш йўлидан бораётганимиздан далолат.

Бундай яратилган мўътадил сиёсий иқлим муҳити, олий даражадаги раҳбарлар учрашуви ортида икки мамлакатнинг юздан ортиқ ишбилармон доиралари шартномалар имзолашига пойдевор бўлди. Бу оддий саъй-ҳаракатлар эмас, бу эртага олий таълим муассасаларини битириб, катта ҳаётга қадам қўяётган кадрларга муносиб минглаб иш ўринлари яратиш демакдир.

Шу ўринда икки мамлакат муносабатлари тарихига қисқача назар ташласак, қардошлар дўстлик тарихи чорак асрга бориб тақалади. Ўзбекистон-Қирғизистон дипломатик муносабатлари Ватанимиз мустақилликка эришгандан сўнг 1992 йил июлда Тошкентда Қирғизистон элчихонаси, 1998 йил октябрь ойида Бишкекда Ўзбекистон элчихонаси фаолияти йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, 1996 йил 24 декабрда икки давлат ўртасида имзоланган абадий дўстлик борасидаги шартнома давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Шунингдек, 1994 йил 16 январда имзоланган «Маданият, соғлиқни сақлаш, фан, таълим, туризм ва спорт бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида»ги ҳукуматлараро битим, 1996 йил 24 декабрда имзоланган «Маданий ҳамкорлик тўғрисида»ги муассасалараро битимга мувофиқ ўзаро яхши қўшничилик муносабатлари шаклланиб келмоқда.

Ҳар бир миллатнинг қачонки, маънан, жисмонан ва интеллектуал жиҳатдан, яъни таълим-тарбияси тараққий этса, уни жаҳон тан олади. Ўша мамлакатда ривожланиш кузатилади. Халқларимиз ана шундай бебаҳо бой маънавий-моддий мерослар ва иқтидорли фарзандларга эга бўлиб, ёш авлодни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга катта аҳамият бермоқда. Бир томондан ушбу факторлар халқларимиз азалий урф-одатлари, умуминсоний дунёқарашларининг муштараклигида кўринади. Масалан, ўзбек халқининг «Алпомиш» эпоси бўлса, қирғизларда «Манас», ўзбекларда Алишер Навоий тимсол бўлса, қирғизларда XX асрнинг забардаст адиби Чингиз Айтматов инсониятни юксак мақсадлар сари бошлаши билан икки халқ келажаги порлоқлигини англатади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи доирасида имзоланган «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисида»ги шартнома натижасида 85 фоиз давлат чегараларининг белгиланмаган ҳудудлари бўйича вазиятга тинч йўл билан аниқлик киритишга асос бўлди.

Шу билан бирга, ҳудудлар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада жадаллаштириш мақсадида Тошкент ва Бишкек шаҳарлари, Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамда маданий гуманитар соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича шартномалар имзоланган.

Мазкур шартномаларга мувофиқ, Андижон вилоятининг «Дўстлик», Наманган вилоятининг «Косонсой», «Баймоқ» назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти янгидан йўлга қўйилди.

Минг йиллардан бери қуда-анда, қавму қариндош бўлиб келаётган халқлар учун, айниқса, Қирғизистон фуқаролари учун Фарғона вилоятининг Қадамжой ва Водил масканлари орқали чегарадан ўтиш тартиби соддалаштирилиб, қулайликлар яратилди.

Бундай янги ва қайта қурилган ўзбек-қирғиз чегарасидаги 18 дан ортиқ ўтказиш пунктлари замонавий талаблар асосида қулай ишга туширилгани, борди-келди қатновлари сезиларли кўпайгани ўзбек-қирғиз чегарасининг «Дўстлик чегараси»га айлантириш миссиясининг ҳаётий исботидир.

Глобаллашув шароитида икки мамлакат бир-бирини тўлдирувчи табиат ресурслари, озиқ-овқат ва саноат тармоқларига эга бўлиб, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, агро саноат, темир йўл, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа жабҳаларида фойдали лойиҳаларни амалга оширишни кўзлайди.

Шу боис давлатимиз раҳбари топшириғига асосан, 2021 йилнинг
1 январь кунидан бошлаб Ўзбекистон томонидан Қирғизистонга 73 турдаги товарга импорт акциз солиғи олиб ташланди. Солиқ юки енгиллашгач, ўзаро савдо-иқтисодий муносабатлар интеграциялашуви жадал тусга кирмоқда.

Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сув, транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда, жумладан, ўзаро савдо ҳажми 7 баробарга ошган, 2022 йилда товар айирбошлаш 30 фоизга ортиб, 1,3 миллиард долларни ташкил этган.

Шу ўринда Қирғизистон Республикасининг иқтисодий кўрсаткичларига эътибор қаратсак, Қирғизистон Республикаси иқтисодиёти 2022 йилнинг 7 ойи мобайнида барқарор ўсиш суръати 3 фоизни ташкил этган. Мутаносиб равишда 2023 йилда 3,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) ҳисоботига кўра, инқироз режаси ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 2,5 фоизини ташкил этган. Кўриниб турибдики, пандемиянинг оғир шароитига қарамасдан қўшни давлат ўз иқтисодий барқарорлигини сақлаб қолишга интилган.

Дарвоқе, «Яхши қўшни ёмон кунингда синалади» деган нақл бежиз айтилмаган. Дунё халқлари бошига келган пандемия шароитида Ўзбекистон томонидан Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри, Боткен ҳамда Чуй вилоятларида ихтисослаштирилган махсус модулли коронавирус шифохоналари беминнат қурилиб, қўшни халққа фойдаланишга топширилган. Сардоба сув омбори тизгиндан чиқиб, ҳудуд аҳолиси жабр кўрганида қирғиз халқи ўз инсонпарвар ёрдамлари билан биродарлик оқибатини кўрсатди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида амалга оширилган давлат раҳбарларининг мазкур учрашувида 2023-2025 йилларга мўлжалланган ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, товар айрибошлаш номенклатурасини кенгайтириш, саноат, тўқимачилик, энергетика, кон ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Ана шундай иқтисодий асосларга эга ўзбек-қирғиз ҳамкорлиги ҳозирги вақтда салмоқли шартномавий-ҳуқуқий омилларга эга бўлиб, у 180 дан ортиқ келишув ва битимлардан иборат. Ушбу ҳужжатлар савдо, иқтисодиёт, илм-фан, туризм, транспорт, маданият ва бошқа йўналишларни қамраб олади.

Шунингдек, ҳозирги имзоланган кўплаб шартномаларда ҳунармандлик, савдо-саноат, экспорт, фармацевтика ва яйлов хўжаликларини ривожлантириш, туризм ва бошқа соҳаларни тараққий эттириш учун сармоялар йўналтирилди.

Қувонарлиси, икки мамлакат ўртасидаги изчил ҳамкорлик натижасида жорий йил 6 январь куни Бишкекда Ўзбекистон-Қозоғистон-Қирғизистон энергетика соҳасида «Қамбарота ГЭС-1 қурилиши» лойиҳасини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланганини алоҳида эслаб ўтишимиз жоиз. 

«Йўл харитаси» доирасида электр станциясини ўз вақтида ишга тушириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олингани ўта истиқболлидир.

Марказий Осиё мамлакатларини электр энергияси билан таъминлаш қувватига эга «Қамбарота ГЭС-1» Қирғизистондаги энг йирик электр станция сифатида ишга туширилиб,  минтақанинг электр энергияга бўлган талабини барқарор сақлашга мўлжалланаётгани стратегик аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташрифи, пировард мақсадларни кўзланган икки мамлакат энергетика вазирликлари ва энергетика компаниялари ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш, энергетика тизимларининг ишлаш режимини ўзаро изчиллик, яратувчанлик тамойиллари асосида жадаллаштиришни кўзда тутаётгани тарихий воқеа.

 



Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори