
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан 1 октябрь куни давлат ташрифи билан Доҳа шаҳрига келди.
Шайх Ҳамад номидаги халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Давлатимиз раҳбарини Қатар Бош вазири – ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Nebras Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад ал-Ҳажрий, Қатар инвестициялар агентлиги директори Бандар бин Сауд Ол Соний, “Power International Holding” компанияси бошқаруви раиси Мутаз ал-Ҳаййат ва “Al Mirqab Capital” холдинг компанияси ижрочи директори Саиф ур-Раҳмон Хонни қабул қилди.
“Nebras Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад ал-Ҳажрий билан учрашувда энергетика соҳасида, энг аввало, муқобил энергетикада янги лойиҳаларни илгари суриш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Сирдарё вилоятида Қатар компанияси иштирокида буғ-газ технологиялари асосида қуввати 1,6 ГВт бўлган замонавий электр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бошланганини мамнуният билан қайд этди.
Сурхондарё вилоятида иссиқлик электр станциясини барпо этиш лойиҳаси доирасида тайёргарлик ишлари якунланмоқда.
Тошкент вилоятида 600 МВт қувватли энергия сақлаш тизимларини яратиш ҳамда Қорақалпоғистонда 1 ГВт қувватли шамол электр станциясини ишга тушириш бўйича қўшма режалар муҳокама қилинди.
Узоқ муддатли шериклик дастурини қабул қилиш, унга, энг аввало “яшил” энергетикага доир истиқболли лойиҳаларни киритиш юзасидан келишувга эришилди.
Қатар инвестициялар агентлиги директори Бандар бин Сауд Ол Соний билан учрашувда агентликнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини мамлакатимиз ҳудудларида “яшил” энергетика объектлари – қуёш ва шамол станцияларини қуриш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, шу жумладан, замонавий авиатерминаллар барпо этиш ва бошқа инвестиция лойиҳаларига жалб қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Илғор банк-молия хизматларини, шу жумладан, ислом молияси дастурлари доирасида ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун икки томонлама гуруҳ учрашувини яқин фурсатда ўтказишга келишиб олинди.
Агентлик саноат, инфратузилма, энергетика, кўчмас мулк, электрон технологиялар соҳаларида йирик лойиҳаларни илгари суришда катта тажрибага эга глобал миқёсдаги етакчи инвестиция холдинглардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Президенти “Power International Holding” компанияси бошқаруви раиси Мутаз ал-Ҳаййатни қабул қилди.
“Power International” – дунёнинг 19 та мамлакатида энергетика, нефть-кимё, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, туризм каби соҳаларда фаол иш олиб бораётган Қатарнинг энг йирик миллий холдинги. Яқин Шарқдаги етакчи кўп тармоқли компаниялардан биридир.
Бугун ушбу компания билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида келгусида минтақанинг энг катта агросаноат мажмуаси бўладиган замонавий чорвачилик кластери қурилмоқда.
Мамлакатимизда юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль магистралини барпо этиш, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ишбилармонлик ва меҳмонхона инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш объектларини ташкил этиш истиқболли лойиҳалар сифатида қайд этилди.
Қатар томони тез орада холдинг Ўзбекистонда ўз офисини очишини маълум қилди.
“Al Mirqab Capital” холдинг компанияси ижрочи директори Саиф ур-Раҳмон Хон билан учрашувда меҳмонхона инфратузилмаси ва туризм хизматларини ривожлантириш, логистика ва энергетика тармоғини модернизация қилиш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, компания томонидан Тошкент вилоятида логистика маркази, Бухоро шаҳрида меҳмонхона-конгресс мажмуасини қуриш, мамлакатимизда электр ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга инвестиция киритиш режалари кўриб чиқилди.
Инвестиция лойиҳалари қўшма “йўл харитаси” асосида амалга оширилади.
1983 йилда асос солинган “Al Mirqab Capital” холдинги АҚШ, Европа ва Яқин Шарқда “Four Seasons”, “The Ritz-Carlton” ва бошқа брендлардаги 20 та йирик меҳмонхона эгасидир. Компания активлари қиймати 8 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади.
Давлат ташрифи дастурига мувофиқ, 2 октябрь куни олий даражадаги учрашувлар бўлиб ўтади, етакчилар Ўзбекистон – Қатар муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар.
ЎзА