English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Озарбайжон: нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигининг янги саҳифаси
18:45 / 2023-12-07

Тарихий ҳамда маданий жиҳатдан ўзбеклар ва озарбайжонлар бир-бирига жуда яқин. Бу икки буюк халқни азалий қардошлик, дўстлик ва биродарлик ришталари боғлайди. Бугун мана шу яқин ҳамкорликнинг янги босқичига чиқдик. Сабаби, икки давлат етакчиларининг мунтазам мулоқоти Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида ишонч, юксак ҳурматга асосланган ўзаро манфаатли ҳамда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Қувонарли жиҳати, икки давлат ўртасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш борасида ҳам янги уфқлар очилмоқда. 

Озарбайжон Республикаси нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлигининг таклифига биноан ўзбекистонлик нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат идоралари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат делегациянинг Озарбайжон Республикасига амалий ташрифи бу соҳадаги ҳамкорликнинг яна бир поғона юқорилашига хизмат қилди. 

Делегация вакиллари Шуша шаҳрида бўлиб, Озарбайжон Республикаси Президентининг Шушадаги махсус вакили билан учрашди. Учрашувда Шушада амалга оширилаётган бунёдкорлик ва қайта тиклаш ишлари, бунда қардош халқларнинг ҳиссаси катта эканлиги, икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати натижасида ўзаро муносабатлар янада мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида эътироф этилиб, барча соҳалар қатори фуқаролик жамияти институтлари билан ҳам ҳамкорлик қилишга ҳамиша тайёр эканликларини билдирди. 

Шунингдек, Фузулий шаҳрида Озарбайжон – Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлик форуми ташкил этилди. Форумда сўзга чиққанлар ўзбек – озар халқининг азалий бирдамлиги, қардошлиги ва яқин дўстона муносабатларини алоҳида эътироф этди. Келгусида алоқаларни янада мустаҳкамлашда нафақат давлат органлари, муассасалар, балки нодавлат нотижорат ташкилотлар, ҳаракатлар ва бирлашмалар даражасида ҳам ҳамкорликни кучайтиришнинг зарурати ва аҳамияти қайд этилди. 

Форумда Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси, Ўзбекистон аёллар ва қизлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон ногиронлар жамияти вакилларининг фаолияти юзасидан тақдимотлар бўлиб ўтди. 

Ташриф давомида Озарбайжон Республикаси нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлиги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. 

Шунингдек, ўзбекистонлик ННТлар вакиллари Озарбайжондаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти билан ҳам танишди. 

Сайёра Асранова, 
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари 
миллий ассоциацияси матбуот котиби