Спортни ривожлантириш вазирлигида “Ўзбекистон миллий спорт ва халқ ўйинлари энциклопедияси” тақдимоти бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида яратилган мазкур энциклопедия 2 қисмдан иборат бўлиб, унинг 1-қисмида миллий спорт турлари ва уларнинг ривожланиши учун муносиб ҳисса қўшган сулолавий спортчилар ҳақида сўз юритилган. Ўзбек халқ миллий спорт турларидан кураш, белбоғли кураш, сулолалардан Бекчанов, Сиддиқов, Юсупов ва бошқа полвонларнинг сулолалари ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.
Энциклопедиянинг 2-қисмида эса миллий халқ ўйинларининг вужудга келиши ва ривожланиш тарихи ҳақида ҳикоя қилинган. Хусусан, арқон тортиш, оқ теракми – кўк терак, ташлама таёқ ва шу каби жами 82 та миллий халқ ўйинларининг келиб чиқиши ҳамда ривожланиш босқичлари тўғрисидаги маълумотлар берилган. Таъкидлаш керак, энциклопедия кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
Ушбу энциклопедияни яратишдан кўзланган асосий мақсад – минг йиллар давомида аждодларимизнинг хуқуқий ва маиший турмуши билан узвий боғлиқ бўлган турли миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини кенг оммалаштириш, уларни умумжаҳон маданий меросига айлантириш. Яна бир муҳим жиҳати, бизгача етиб келган турли миллий спорт турлари, халқ ўйинларини ёш авлодларга етказиш ва уларни мана шу руҳда тарбиялашдан иборат.
Энциклопедия ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланди. Бу эса хорижий мутахассисларнинг халқимиз маданияти, тарихи, урф-одатлари ва анъаналари билан танишишини осонлаштиради.
Энциклопедиянинг тақдимот маросимида Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов иштирок этди.
[gallery-7921]
Муҳаммад АМИН (сурат),ЎзА