English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди
20:49 / 2023-03-22

Бугун, 22 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди.

Делегация вакиллари Кобулда Афғонистон Бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттаки, мудофаа вазири вазифасини бажарувчи мулла Ёқуб Мужоҳид, муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари ва иқтисодий тузилмалар вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказган.

ТИВ хабарига кўра, музокара чоғида ўзаро савдо-иқтисодий алоқани кенгайтириш, Афғонистон ҳудуди орқали турли транзит юкларни ташиш ҳажмини ошириш каби масалалар муҳокама қилинган.

Транспорт-энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш, “Сурхон – Пули-Хумри” йўналиши бўйлаб электр тармоғини тортишга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар ишнинг амалий босқичига тезроқ ўтиш зарурлигини таъкидлаб, икки томонлама кун тартибидаги барча масалалар бўйича конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.

Учрашувда аёллар ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш, қизларнинг Афғонистонда таълим олишини таъминлаш, шунингдек, Термиз шаҳридаги Таълим маркази негизида афғон кадрларини тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

– Сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлиги яна бир бор қайд этилди.Музокаралар ўзаро англашув руҳида ўтди, муҳокама қилинган масалалар юзасидан томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш истагини билдирди, – дейилади ТИВ ахборотида.

ЎзА