Ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистон давлат санъат музейи коллекциясига алоқадор санъат буюмларининг онлайн сотувга чиқарилиши тўғрисидаги маълумотлар турли муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги ҳамда музей мутасаддилари санъат асарларини синчковлик билан кўздан кечирди. Бу ҳақдаги тегишли суриштирув ва тушунтириш ҳисоботлари музей муҳофизлари томонидан атрофлича ўрганилди.
Шу тариқа мазкур суратлар музей коллекциясига мансуб эмаслиги ҳамда уларнинг электрон сотувга чиқарилиши билан Ўзбекистон давлат санъат музейининг реконструкция ва жорий таъмирлаш учун ёпилиши ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик мавжуд эмаслиги аниқланди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон давлат санъат музейининг барча экспонатлари тўлиқ рақамлаштирилган, давлат музейларидаги электрон идентификация қилинувчи музей ашёлари ва сара тўпламлари сони барқарор ўсишда давом этмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ҳозирда давлат музейлари фондларидаги музей ашёлари тўпламлари сони 2 миллион 525 минг 23 тани ташкил этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА