
Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият марказида навбатдаги хайрия анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирга Тошкент шаҳридаги 106, 22 ва 102-сонли мактаб-интернатлар ва Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйининг 200 дан зиёд тарбияланувчиси, тарбиячилари таклиф этилди.
Дастлаб болалар Марказ ҳузуридаги Озарбайжон давлатчилиги тарихи ва Ҳайдар Алиев музейлари билан танишди. Уларга ушбу қардош мамлакат тарихи, маданияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Маданият марказининг кутубхона ва музейлар бўйича мутахассиси Кифоят Пирмаммедова икки юрт дўстлиги, Озарбайжон давлатчилиги илдизлари, тарихий шахслар, халқнинг урф-одати, анъаналари ҳақида сўзлаб берди, ёшларни турли бурчаклар, экспонатлар билан таништирди.
Катта айвонда давом этган томошада Марказ директори ўринбосари Нодир Алимирзоев Озарбайжон ва Ўзбекистон дўстлиги ҳақида гапириб, мавжуд риштани мустаҳкамлаш, халқларимиз ўртасидаги алоқани ривожлантиришда болалар зиммасига ҳам каттагина масъулият тушишини таъкидлади. У келажагимиз бўлган болаларга давлатларимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида сўзлаб берди, амалга оширилаётган ишлар, лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Нодир Алимирзоевнинг таъкидлашича, Қорабоғ ва Шарқий Зангазур вилояти озод этилгач, қадимий Шуша шаҳрида кенг кўламли қурилиш-тиклаш ишлари бошланган. Бу йил Президент Илҳом Алиев томонидан мамлакатда "Шуша йили", деб эълон қилинди. Мутахассис Шуша шаҳрининг республика маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритди.
Сўнгра ўзбек тилидаги "Қорабоғ оти" анимацион фильми тақдим этилди.
Мазкур кино асари 2020 йил Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази лойиҳаси доирасида "Виртуал Қорабоғ" АКТ маркази томонидан тайёрланиб, ўзбек тилига ўгирилган.
Таъкидлаш жоиз, "Қорабоғ оти" анимацион фильми ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, қолаверса, Қорабоғ минтақаси ҳақидаги билимларни оширишга қаратилган.
Тадбир якунида болалар ва тарбиячи-муаллимлар Озарбайжон ва Ўзбекистон миллий таомларидан баҳраманд бўлишди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА