
Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасида таэквондо ITF йўналиши бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг турли ҳудудларидан 600 дан зиёд спортчи ғолиблик учун баҳс олиб боришди.
Бугунги кунда мамлакатимизда спортнинг таэквондо ITF тури спортcеварлар орасида оммалашиб бораётган йўналишларнинг бирига айланди. Тажрибали мураббийлар қўл остида шуғулланаётган иқтидорли ёшлар республика мусобақалари билан бирга, халқаро беллашувларда муносиб қатнашиб, яхши натижаларни қайд этишмоқда.

Айниқса, спортчиларнинг маҳорат ва тажрибасини оширишда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тақвим режага асосан ташкил этаётган мусобақалар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Фарғона шаҳри мезбонлик қилган Ўзбекистон кубоги баҳслари ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилди. Ушбу нуфузли мусобақа орқали терма жамоа аъзолари яна бир бор кўрикдан ўтказилиб, 2024 йил октябрь ойида Тошкентда ўтказиладиган жаҳон кубоги ва жаҳон чемпионатига саралаб олинди.

– Устозим Асамов Хожаакбар қўл остида уч йилдан бери шуғулланиб келаман, – дейди ғолиблар сафидан ўрин олган Абдушукур Ғафуров. – Кўплаб мусобақаларда қатнашиб, юқори ўринларни қўлга киритиб устозим ва ота-онамнинг ишончини оқлаб келмоқдаман. Бундай катта мусобақада биринчи бор иштирок этишим. Келажакда бундан катта ютуқларни қўлга киритиб, Ўзбекистонимиз байроғини жаҳон ареналарида ҳам баландга кўтариш орзумдир.

Икки кун давом этган қизиқарли баҳсларда 5 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар таэквондо ITFнинг шахсий массоги, жамоавий массоги ва шахсий тул йўналишларида муносиб иштирок этди. Айниқса, Тошкент шаҳри, Фарғона, Бухоро, Андижон, Наманган ва Жиззах вилоятлари ёш спортчиларининг тезкор ҳаракатлари томошабинларнинг диққат-эътиборини тортди.
Умумжамоа ҳисобида биринчи ўрин Тошкент вилояти жамоасига насиб қилди. Иккинчи ўринни бухоролик спортчилар қўлга киритишган бўлишса, Фарғона жамоаси кучли учликдан ўрин олди.
М.Сулаймонов, ЎзА