English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оромгоҳлар болажонларни чорламоқда
14:38 / 2024-06-01

Ёзги таътил бошланиши билан ота-оналарда “Фарзандимни қайси оромгоҳга берсам экан, қайси дам олиш масканида болам яйраб юраркан, оромгоҳ йўлланмасининг нарх-навоси қанча экан”, деган саволлар пайдо бўлади.

Президентимизнинг 2022 йил 18 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилоятида жорий йил ёзги соғломлаштириш мавсумида шаҳар ташқарисидаги саккизта оромгоҳда 5 минг 720 нафар, шунингдек, ҳудудлардаги умумтаълим мактаблари қошида 67 та кундузги соғломлаштириш майдончасида эса 10 мингдан зиёд болалар дам олиши режалаштирилган.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Косонсой ва Чуст туманларидаги оромгоҳларда бўлиб, ушбу масканларда амалга оширилаётган ишлар, болажонлар учун яратилган шароитлар, оромгоҳнинг ҳолати билан танишди. Масъулларга айрим камчиликларни тезкор бартараф этиш бўйича тавсия ва топшириқлар берилди.

Косонсой туманидаги 160 ўринга мўлжалланган “Соҳил” ва “Олмазор” оромгоҳларида таътил давомида 1 минг 120 нафар бола ҳордиқ чиқариши мумкин. Бу ерда болажонларнинг мазмунли дам олишлари учун барча шароитлар яратилган. Шунингдек, Чуст туманининг сўлим ва баҳаво манзилида жойлашган “Меҳржон” ва “Оби ҳаёт” оромгоҳлари ҳам 1080 нафардан ортиқ болани ўз бағрига олиши режалаштирилган. 270 ўринга мўлжалланган мазкур икки маскан ҳудудларида мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, хоналар қаттиқ ва юмшоқ мебеллар билан жиҳозланган. Ётоқхона, ошхона биноларининг ташқи томони, спорт майдончаси ва оромгоҳга кириш қисмида ҳам таъмирлаш ва бўяш ишлари бажарилган.

– Болаларнинг таътил кунларини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов. – Вилоятда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг 2023 йил 13 апрелдаги қарорига асосан Поп туманидаги “Офтобча” болалар оромгоҳида қурилиш капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда 6 миллиард сўмлик ҳажмдаги бунёдкорлик юмушлари бажарилди.  

Уйчи туманидаги “Умид ниҳоллари” болалар соғломлаштириш оромгоҳи 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, мавсум давомида 800 болани қамраб олади.  

Мавсум давомида ҳудудларда интеллектуал ривожлантириш, экологик-биологик ва ўлкашунослик, техник ижодкорлик, ижтимоий мослашув, тарбия ва спорт-соғломлаштириш, бадиий ижодиёт йўналишларига эътибор берган ҳолда болаларни дам олишларини ташкил этиш кўзда тутилган. Хусусан, оромгоҳларга 23 мингдан ортиқ китоб фондига эга бўлган кутубхоналар ва тажрибали кутубхоначилар бириктирилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 мартдаги видеоселекторида берилган топшириқлар ижросидан келиб чиқиб вилоят ҳудудида жойлашган болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳудудлари бегона ўтлар ва чиқиндилардан тозаланди, экин майдонлари тартибга келтирилиб, кўчалар, ариқ-зовурлар тозаланиб, дарахтлар оқланди. 973 туп мевали, 1 минг 542 туп манзарали ниҳол, 6 минг 450 туп гул ва райҳон кўчатлари ва 10 минг туп терак қаламчалари ўтқазилди.

Жумладан, Янгиқўрғондаги “Нанай” оромгоҳида ўтказилган амалий семинар ҳам айнан вилоятдаги мавжуд оромгоҳлардаги тайёргарлик жараёнлари, мавсумни юқори савияда ўтказиш масалаларига бағишланди. Унда вилоят касаба уюшмалари кенгаши вакиллари, соҳага дахлдор масъул раҳбарлар, оромгоҳ директорлари, тарбиячи ва етакчилар иштирок этди.

Департамент томонидан оромгоҳларнинг 12 кунлик намунавий дастури ишлаб чиқилган. Наманган вилоятидаги оромгоҳларда дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумининг биринчи навбатига қабуллар шу йилнинг 7 июнидан бошланади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.