
Ўрмон ёнғини нафақат табиатга ва инсониятга катта зарар келтиради, балки яшиллик оламидан ажралиб чиқадиган кислород миқдорининг кескин камайишига, тупроқ таркибининг бузилишига, фойдали ҳашарот ва микроорганизмларнинг йўқолиб кетишига олиб келади.
Хўш, мамлакатимизда ўрмон муҳофазаси ва ёнғинга қарши қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
Мазкур савол юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги масъул ходими Дилрабо Бобоева қуйидагиларни маълум қилди:
– Ўрмонзорларни барпо этиш билан биргаликда уларни қўриқлаш ва муҳофаза этиш муҳим аҳамиятга эга. Афсуски, сўнгги йилларда ўсимликлар, айниқса, ўрмонлар майдони кескин қисқариб бормоқда. Бу каби салбий ҳолатларнинг олди олинмаслиги инсониятга катта ташвиш келтириши мумкин.
Дунёнинг турли минтақаларидаги ўрмонларда ҳар хил сабабларга кўра ёнғин келиб чиқаётгани кузатилади. Баъзан инсонларнинг яшиллик оламига бефарқлиги ҳамда эҳтиётсизлиги оқибатида минглаб гектар ўрмонзорларда, яйловзорларда ёнғин чиқиб, улардаги мавжуд ўсимлик ва ҳайвонот дунёси йўқ бўлиб кетади.
Ўрмонга ўт кетса, ҳўл-қуруқ баравар ёнади деб бежиз айтишмаган. Афсуски, бу нақлни кўпчилик ўрмонларга ташриф буюрган сайру саёҳат иштиёқмандлари, овчилик ишқибозлари унутиб қўйишади. Улар ёққан гулхан ёки тамаки қолдиғи қисқа фурсатларда катта алангага айланиб, дарахтларга, тўқайзорларга қирон келтиради.
Мамлакатимизда ўрмон хўжаликлари томонидан 2023 йил давомида 165 км масофада ёнғинга қарши йўллар ва 290 км минераллаштирилган поласалар (шудгорланган йўлаклар) қурилиши, 78 км янги ҳимоя линиялари яратилиши ҳамда 1720 км майдонда минераллаштирилган поласалар ва 1730 км ўрмон хўжалиги аҳамиятига эга йўллар таъмирланиши режалаштирилган.
Шунингдек, жорий йилнинг бугунги кунига қадар агентликнинг тизим ташкилотлари томонидан жами 356 км ёнғинга қарши оралиқ жойлар, 659 км йўллар, 6 минг 426 км ҳимоя чизиқлари ҳамда 16 минг 508 м3 сув ҳавзалари янгидан қурилиб, 2 минг 367 км оралиқ жойлар, 3 минг 358 км йўллар, 2 минг 592 км ёнғинга қарши ҳимоя чизиқлари, 339 км зовурлар ҳамда 14 минг 471 м3 сув ҳавзалари таъмирланди.
Ўрмон ҳудудларига яқин яшовчи аҳоли ва ташриф буюрувчилар учун ўрмондан тўғри фойдаланиш, ўрмон ёнғинларини содир этмаслик бўйича янги 1 минг 500 га яқин огоҳлантирувчи баннерлар жойлаштирилди. 10 минг 500 га яқин ёнғинга қарши курашда ишлатиладиган воситалар тайёрланди. Ҳозирги кунда бирламчи воситалар билан таъминлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Тизим ташкилотларида ўрмон ёнғинларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишда зарур бўлган бирламчи восита ва жиҳозлар шай ҳолатга келтириб қўйилган.
Улкан ёнғинлар инсон жиловига бўйсунишни хоҳламай, исталган пайтда исталган ҳудудда бош кўтариши мумкин. Меъёрдан ортиқ бундай ёнғинларнинг келиб чиқишига ҳам аслида инсон омили сабаб бўлади. Биз табиатга, ерга шафқатсизларча муносабатда бўлсак, табиатнинг бизга аталган жавоби ҳам муқаррар бўлади.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА