English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқитувчи ва мураббийлар “Боқий шаҳар” мажмуасини томоша қилди
16:43 / 2022-09-29

Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туристик мажмуаси Конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросим ўтказилади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 700 нафарга яқин фидойи ўқитувчи ва мураббийлар, бағрикенг устозлар Самарқандда муносиб кутиб олинди. Уларга мазкур халқаро марказдаги замонавий меҳмонхоналарнинг азиз меҳмонлари сифатида алоҳида иззат-икром кўрсатилди.

Маросим олдидан меҳмонлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган мажмуада яратилган имконият ва шароитлар билан танишди. Халқимизнинг улкан бунёдкорлик салоҳияти, маданияти, бир неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, миллий ҳунармандчилик меросини намоён этган “Боқий шаҳар” мажмуаси меҳмонларга манзур бўлди.

[gallery-8967]

– Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида Президентимиз иштирокида тантанали очилган ушбу мажмуани телевизорда кўриб ҳавас қилган эдим, – дейди Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 5-умумтаълим мактаби директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Анора Маҳмудова. – Кейин дунё аҳли эътибори марказида бўлган ШҲТ Самарқанд саммити ҳам бу ерда жуда юксак савияда ўтганини кўриб, эшитиб, ҳавасим ҳайратга айланди, қалбимда жуда катта фахр, ифтихор туйдим. Ҳурматли Президентимизнинг биз – ўқитувчиларга бўлган самимий муносабатлари, ҳурматлари ифодасини қарангки, бизнинг касб байрамимиз бугун ушбу қутлуғ масканда нишонланмоқда. “Буюк ипак йўли” маркази Янги Ўзбекистонимизга муносиб замонавий мажмуа бўлибди.

Самарқанднинг қадрли меҳмонлари бўлган устозлар бугун ва эртага қадимий кентдаги бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойларда ҳам бўлади.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА