
Фуқаро А.Х. фуқаро О.Р.нинг ишончига кириб, унга қўшни Қозоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларидан бирига ўқишга кирганлиги тўғрисида ҳужжатлар расмийлаштириб бериб, кейинчалик ўқишини Урганч инновацион университетига кўчириб бериш эвазига 800 АҚШ доллари олган.
Шу вақтда у Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Миробод тумани бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.
Фуқаро Р.Х. бошқа бир фуқаро Д.Н.га гўёки ички ишлар бўлимида ишловчи танишлари ёрдамида имтиҳонларга қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериши эвазига 350 АҚШ доллари олган.
Шу вақтда эса у Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Музработ тумани бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Қумқўрғон тумани бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Ж.А. фуқаро Ш.Х.га танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўтказиладиган имтиҳонлардан ижобий баҳо олиб бериш эвазига 200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ЎзА