English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она юртимга ҳамиша таъзимдаман
11:13 / 2022-09-01

Мустақиллик йилларида юртимизда асрларга татигулик улуғвор ишлар амалга оширилди. Айниқса, кейинги йилларда Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жамиятимизнинг турли жабҳаларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, юртимиз тараққиётнинг юксак чўққилари сари дадил одимлаб бормоқда.

Корхонамиз йигирма тўрт йилдан буён самарали фаолият юритади. Қурилиш соҳасига ихтисослашган вилоятдаги етакчи корхоналардан бири  ҳисобланган корхонани аввал соҳасида катта ва кўп йиллик тажрибага эга бўлган дадам – Латифжон Режавалиев бошқарган бўлса, мустақиллик шарофати, ёшларга берилган кенг имкониятлар туфайли эндиликда мен бошқаряпман.

Ўтган йиллар давомида қурувчиларимиз томонидан ўнлаб умумтаълим мактаблари, боғчалар, кўп қаватли, намунали лойиҳалар асосида уйлар ҳамда бошқа кўплаб объектлар барпо этилди. Энг асосийси, ана шу иншоотлар сифати, ўзига хос қиёфаси билан бугун қишлоғу шаҳарлар кўркига кўрк бўлиб турибди.

Бугун биз не-не аждодларимиз орзу қилиб, етиша олмаган озод ва обод юртда яшаяпмиз. Истиқлол шарофати билан қалбимиздаги энг эзгу мақсадларимиз амалга ошмоқда. Энг асосийси, юртимиз тинч-осойишта, ҳар тонг хотиржам уйғонамиз, фарзандларимизни боғчага, мактабга жўнатамиз. Юрт тинчлигидан кўнглимиз хотиржам.

 Бугун мамлакатимизда мен каби хотин-қизларга ўз салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Ана шу имкониятлар самараси ўлароқ, опа-сингилларимиз таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ишлаб чиқариш, қўйингки, турли соҳаларда самарали иш олиб бормоқда, юртимиз равнақига, халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалишига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Айниқса, қурилиш соҳасида тадбиркорлик қилаётган аёллар фаолиятини  алоҳида эътироф этишни истар эдим. Оила, турмуш ташвишларидан ортиб, аёлнинг жамият ишида фаол иштирок этиши юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг, хотин-қизларга кўрсатилаётган эътиборнинг, энг асосийси, мустақиллик берган имкониятлар натижаси деб биламан.

Аёл киши бўла туриб, қурувчилик касбини танлаганимдан асло афсусланмайман. Чунки  мен отамнинг касбини давом эттиряпман, янада муҳими, касбимни жуду-жуда ёқтираман. Ана шу фаолиятим билан юртим равнақига, унинг юксалишига муносиб ҳисса қўшяпман, одамларга, эл-юртга нафим тегмоқда. Бундан ҳамиша фахрланаман. Қолаверса, турмуш ўртоғим ҳар бир ишда мени қўллаб-қувватлаб туради. Юртимиз, оилам тинч, уй-жойим бор, фарзандларим бахтли. Аёл киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса, керак. Менга ана шу бахтни берган она юртимга ҳамиша таъзимдаман.

Айни кунда корхонамиз қурувчилари томонидан Янги Андижон шаҳрида кўп қаватли турар-жой бинолари барпо этилмоқда. Адирлик бағрида бунёд этилаётган Янги Андижон шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари – кенг, равон кўчалар, бир-биридан чиройли, шинам уй-жойлар, гулзору яшил ҳудудлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Бугун нафақат Андижонда, балки юртимизнинг барча ҳудудларида мана шундай улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Ишонаманки, кундан кунга юксалиб, обод бўлаётган Ўзбекистонимиз янада гуллаб-яшнайди, Тинч ва обод юртга эса байрамлар ярашади.

Мана шундай қувончли кунда шоирнинг қуйидаги мисралари беихтиёр ёдга тушади:

Сени улуғлайди, қутлайди башар,
Ватаним, айёминг муборак бўлсин.
Сени шарафласам, севсам ярашар,
Ҳурликнинг офтоби тоабад кулсин.

Сенинг ҳақ сўзингни тинглайди олам,
Жаҳон пештоқида порлар байроғинг.
Қадим наврўзингдан бошланар кўклам,
Тинчликка бонг уриб чорлар маёғинг.

Танглайи меҳнатдан кўтарилган эл,
Ҳалқингни оқ нонга тўйдирган сенсан.
Манглайи шуҳратдан кўтарилган эл,
Оқил фарзандларга тўлдирган сенсан.

Шодиёналар бўлсин сенга, она юрт,
Тароналар бўлсин сенга она юрт.
Кўксимизда қўллар, бошимиз осмон,
Шукроналар бўлсин сенга, она юрт!

Барча юртдошларимизга мустақиллик байрами муборак бўлсин.

Дилноза ТЎЛАНОВА, 
Андижон шаҳридаги “Қурувчи – 97” хусусий корхонаси раҳбари 
ЎзА