English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Омад инсоннинг ўз қўлида, меҳнатда
14:38 / 2022-10-02

Замонамиз қаҳрамонлари

“Ғойибдан келажак, бахт бир афсона”. Ҳар гал ғайратли ва шижоатли одамларни кўрганда  буюк шоирнинг шу мисраси ёдимга тушади. 
Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Наслдор дала чорваси” фермер хўжалиги раҳбари Абдурашид Ишназаров билан суҳбатлашганда ҳам шоирнинг мазкур мисраларини эсладим. Бу инсон том маънода меҳнаткаш, дилкаш, самимий тадбиркор экан. Бир томонда ферма биноси, яна бир томонда бўйи нақд икки ярим метрга қадар ўсиб кетган маккажўхори пайкали. Бир уюм қилиб қўйилган лавлаги, замонавий техника воситалари, ишчилар дам олиш биноси, баланд қилиб қурилган  шийпон ва яна фермага    кириб келадиган бир километрлик йўлнинг  тутзор орасидан ўтиши. Буларнинг барчаси фермер ўзига хос характерли инсон эканлигидан дарак беради. 

– Дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари, хусусан Америкада ҳам  макка ва соя чорванинг асосий озуқаси ҳисобланади. Технология қанчалик ривож топмасин инсон меҳнат  қилмас экан, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бу ерда ҳам дунёнинг у четида ҳам  машаққат чеккан, илмга таянган одамлар яхши даромад оляпти, яхши яшаяпти. Фермер бўлгач  хусусий мулк бир қадар таваккал, яна бир қадар ҳаловатсиз, аммо завқли яшаш эканлигини  сездим, – дейди  Абдурашид ака. – Устозу ҳамкорлар масаласида мени ҳаётнинг ўзи сийлаган. 7 йил давомида  ресубликада кўпчилик яхши танийдиган танти инсон Боймиров билан бирга ишладим. У кишидан кўп нарсани ўргандим. Охирати обод бўлсин  Боймиров  жуда меҳнаткаш, машаққатдан асло чўчимайдиган омадли инсон эди. Боймировнинг уйларида кўп бўлганман, оилавий яқинлигимиз бор эди. Устознинг фарзандлари ҳамон юрагимга яқин кишилар. Айниқса  оила бекасидаги меҳмондўстлик  мени ҳайратга солган. Биласизми, йигит кишининг  бахти бойиб кетгани ё лавозими кўтарилганида эмас, оилада, хонадонда  тинчлик, хотиржамлик, самимият  бўлса бахтнинг ўзи шу. Ҳар қанча тилла топманг, кўнгил ҳузур топмаса татимайди. Йиллар давомида  топган ақидам, хулосам шу.  

Абдурашид  Ишназаровни бугун нафақат Зомин туманида, балки вилоятда ҳам кўпчилик яхши танийди. У тракторнинг товушидан нуқсонини айта оладиган зукко муҳандис сифатида  узоқ йиллар  каттаю кичик хўжаликларда  бош муҳандис бўлган, сўнг  донгдор колхознинг номдор раисига айланган.  Шу зайл у қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча ташвишларда элга елкадош, оддий   одамларга кўмакчи бўлди. 
Чорводор бўлишига эса молбозордаги ҳолат туртки берган.

– 1995 йил ўғлимга суннат тўй қилмоқчи бўлиб мол бозорга тушдим. Мақсад  семизгина қўчқор олиш. Биласиз бизнинг Зоминда  молбозор эрта бошланади, сал кечиксангиз яхши мол қолмайди, олиб сотарнинг ихтиёрига ўтиб кетади. У ёққа, бу ёққа ўтиб, қўй бозорни оралаб  кўнгилга мос келадиган қўчқор топишни кўзладим. Афсуски  учрамади. Шундай бўлсада биттасига харидор бўлдик. Нархи тош-торозига тўғри келмасада олдик. Шунда ўзим чорва қилсам бўлмайдими, ўзим  қўчқор боқсам, бугун олган қўчқорим ярим пулига тушарди, ер бўлса бор, имкон бор, ўғилларни ҳам чорва боқишга ўргатишим керакку, деб ўйладим. Шундай бўлди ҳам. Бугун  300  бошдан ортиқ қўй,  110 бош қорамолларимиз бор. Бу борада кўпчиликдан устунмиз, дейди фермер. –  Барча қорамолларимиз наслли, хорижникидан кам эмас. Шу боис кунига ярим тоннадан ортиқ сут тайёрлаб  Зомин санаториясига, литрини беш ярим минг сўмдан  сотяпмиз. Тағин давлат сотилган сут учун субсидия ҳам беряпти. Худога  шукр.

Адбирашид ака  “Наслдор дала чорваси” фермер  хўжалиги ихтиёрида 40 гектардан ортиқ ер борлигини, 30 гектарида макка, қолганида беда борлигини айтди. Беда пичани ва макка силоси  сигирлар сутини кўпайтиради, энг совуқ кунларда ҳам жониворга қувват беради. Шу боис хўжалик аҳли  бу экинлардан юқори ҳосил кўтариш, қишловга ҳам пухта тайёргарлик кўриш ниятида меҳнат қилишмоқда. 7 киши доимий иш билан банд, баъзан эҳтиёжга қараб уларнинг сони кўпайиб кетади. Ферма ошхонасида эса ишчилар учун доимо иссиқ овқат бор, пазандалик борасида ҳам фермер хўжалиги ошпазининг олдига тушадиган киши йўқ.

– Уч нафар ўғлимнинг ҳаммаси вилоятдаги банкларда  ишлайди, бири бошлиқ, яна бири масъул лавозимда.  Афтидан улар ҳаётда ҳисоб-китобни пухта олиб бориш жуда муҳим эканлигини барвақт англашган.  Ахир раис бўлиб ишлаганман, хўжалик иқтисодини кўтариш борасидаги суҳбатлар уйда ҳам давом этганда. Худога шукр ўғиллар ўзини эплаяпти, бизга эҳтиёжи йўқ. Бир сўз билан айтганда уларнинг  меҳнаткашлигидан хурсандман. Ишга эрта кетади, кеч қайтади, манфаатдорлик шунга яраша. Худди фермерга ўхшашади, – дейди Абдурашид ака жилмайиб. – Яқинда Туркия давлатида, сайёҳ сифатида бир ҳафта бўлдим.  Зўр, томоша қилса бўладиган жойлар кўп. Бир-биридан чиройли  ресторанлар, кафелар. Хизмат кўрсатиш сифати жуда юқори, аммо тезда зерикиб қолдим. Зоминни, тоғдан шарқираб оқаётган сой бўйини, шу сой ёнидаги  чойхонани соғиндим. Ахир шу ерга дўстлар, қариндошлар билан тез-тез келиб турамиз, об-ҳавоси тоза, бундай манзара дунёнинг бирор жойида йўқ. Қўй ва қорамол гўштидан тайёрланган  турфа хил кабобларнинг  ҳиди, оо, буни  соғинмай бўладими? Очиғи биз ҳали юртимизнинг  оҳанграбо томонларини, ошхонасию табиат манзараларини  кўп тарғиб этишимиз лозим. Агар сиз ҳам ўртоқлар билан табиат қўйнида дам олишни истасангиз  ҳеч иккиланмай Зоминга, сойбўйига келаверинг. Гўшт ва турли неъматларнинг  сифатига мен кафил. Чунки бу неъматларни мен ва мен каби зоминлик миришкорлар, уста деҳқону чорвадорлар етиштирмоқда. 


       Абдунаби  Алиқулов