English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий таълим тизимидаги камчиликлар бартараф этилиши керак?
18:16 / 2023-03-03

Мамлакатимиз олий таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, қабул жараёнларида шаффофлик шаклланди, таълим сифатини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, мониторинг, рейтинг, рақобат шакллари юзага келди. Бу албатта, олий таълимни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Олий таълим хизматларини кўрсатиш бозорига янги субъектларнинг кириб келиши эса имкониятларни янада кенгайтирди, халқаро таълим стандартларининг жорий этилишига кенг йўл очиб берди. Узоқ йиллар давомида олий таълим муассасаларига қабул ўринларининг чекланганлиги сабабли эндиликда минглаб абитуриентлар ана шу имкониятдан бажонидил фойдаланмоқда. Минг афсуски, бугунги кунда мазкур йўналишдаги ишлар рисоладагидек олиб борилмоқда, дея олмаймиз. Олий таълим хизматлари бозорига ғирром йўл билан кириб олган, мақсади, муддаоси фақат пул ишлаш бўлган “тадбиркорлар” ҳам борки, уларнинг фаолиятини қонуний йўл билан тартибга солиш ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.  

Гап нима ҳақида кетмоқда?  

Айни кунда янги очилган нодавлат олий таълим муассасаларининг фаолияти тўлиқ қонун билан қамраб олинмагани оқибатида ижтимоий тараққиётга тўсиқ бўладиган қатор ҳолатлар кузатилмоқда. Таъкидлаш керакки, олий таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган нормативлардаги камчиликлар сабаб айрим нодавлат олий таълим муассасалари ўз фаолиятини номақбул, белгиланган талаб ва меъёрларга жавоб бермайдиган бино-иншоотларда йўлга қўйган. 

Қолаверса, янги очилаётган олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби бўйича ҳам аниқ талаблар мавжуд эмас, бўлса ҳам бажарилмаяпти. Шу сабаб, янги очилган институт ва университетларда асосан, давлат олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ўриндошлик асосида ишлаши кузатилмоқда. Яъни, аксарият нодавлат олий таълим муасссасаларининг илмий, ижодий салоҳиятга эга жамоаси йўқ, бу ўз-ўзидан ижтимоий ва ҳуқуқий масъулиятни истисно қилади. 

Яна бир муҳим жиҳат, нодавлат олий таълим муассасаларидаги жорий ўқув жараёни ҳолатини мониторинг қилиш бўйича талаблар ишлаб чиқилмаган. Бу вақт ўтган сайин нодавлат секторида ўқиш сифатини пастлаб боришига олиб келиши мумкин. Шунингдек, нодавлат олий таълим муассасалари меҳнат бозори билан интеграция қилмаяпти. Бу эса маълум вақтдан кейин меҳнат бозорида ўн минглаб дипломли мутахассисларнинг пайдо бўлишига олиб келади.

Кишини таажжубга соладиган яна бир ҳолат бор. Мана бугун 2023 йилнинг баҳорига етиб келган бўлсак, ҳанузгача айрим нодавлат олийгоҳларда қабул жараёни давом этмоқда. Бугун ўқишга қабул қилинган талаба қандай ўқийди, фанларни қандай ўзлаштиради, деган саволларга жавоб йўқ. Таассуф билан айтиш керакки, ўқув йили охирлаб қолган бир даврда “Сиз фолон институтга ўқишга қабул қилиндингиз” мазмунида келаётган СМСлар олий таълимни обрўсизлантиришдан бошқа гап эмас.  

Нодавлат олий таълим муассасаларида шартнома нархларининг ҳаддан зиёд қимматлиги ҳам ўта долзарб масала. Бугун чекка-чекка ҳудудларда очилган университет тўлов-контракт шартномасини 2-3 минг доллар деб белгилаши ҳам у қадар тўғри эмас. Аксарият талабаларнинг ота-оналари бундай юқори тўловни тўлашга қийналаётганлигидан ҳам кўз юммаслигимиз керак. Қолаверса, тўлов юқори бўлган олийгоҳларда таълим сифати, шарт-шароитлар ҳам юқори бўлиши лозим. Амалда аксарият нодавлат олий таълим муассасаларида бундай эмас. Соддадил одамлар хорижий номни эшитиб, шояд, фарзандим чет эл стандартлари асосида ўқиса, яхши мутахассис бўлса, яхши ишларга жойлашса, деб бор-будини бермоқда. Лекин уларнинг эзгу ниятлари эртага сароб бўлиб қолмайди, деган кафолат йўқ.    

Олий таълим тизимида юзага келган вазият зудлик билан қонуний тартибга солинмаса, вақт келиб, бошқа кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бу борада нима қилиш керак, деган савол албатта, кўпчиликни қизиқтиради. Шу ўринда мен бази бир шахсий таклифларимни айтиб ўтмоқчиман.    

Нодавлат олий таълимнинг инновацион ташаббусларини чекламаган, уларни қўллаб-қувватлаган ҳолда бундай муассасалар учун талабаларнинг манфаатларидан келиб чиқиб меъёрлар ишлаб чиқиш керак. Нодавлат олий таълим муассасасининг бино-иншоотлари, хоналари, лабораториялари, кутубхона, спорт иношоотлари учун аниқ талаблар бўлсин. Давлатнинг ваколатли органи ёки кенг жамоатчилик томонидан нодавлат сектордаги таълим жараёни назорат қилиниб, бу бўйича мониторинг олиб борилишини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.    

Бир йигит-қиз, яъни абитуриент умри давомида бир маротаба олий маълумотли бўлиш имкониятидан фойдалана олади. Бутун бир оиланинг даромади шу фарзандини ўқиши учун сарфланади. Яъни, инсоннинг умри ва маблағи беҳуда сарфланмасин. Энг асосийси, талаба қандай олий ўқув юртида ўқишидан қатъий назар энг аввало, малакали мутахассис бўлиб етишиши, юрт равнақига, оиласининг моддий имкониятларини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшиши лозим.  

Яна бир масала. Ҳозир хотин-қизлар ўртасида мактабгача таълим, бошланғич таълим, она тили ўқитувчиси каби касбларга қизиқиш, шу касбларни эгаллашга интилиш ўта юқори. Лекин, меҳнат бозорида ушбу касбларга бўлган талаб ҳақида ҳеч қандай тадқиқот йўқ. Шу сабабли олий таълим соҳасида меҳнат бозорини таҳлил қиладиган форсайт марказини ташкил этиш вақти келди.  

Бугун давлатимиз раҳбари олий таълим тизими зиммасига мактаб ўқувчисини бирор касбга йўналтира оладиган, сифатли таълим бера оладиган, билимли, салоҳиятли педагог кадрларни тайёрлаш вазифасини қўймоқда. Бу нафақат давлат, балки нодавлат олий таълим муассасалари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Бу борада мулкчилик шаклидан қатъи назар барча олий таълим муасассаларига аниқ талаб ва меъёрлар қўйилиши ва ана шу талаблар асосида иш олиб борилишига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Шундагина биз ўзимиз кутган ижобий натижаларга эриша оламиз.  

Азизбек Эгамбердиев,  

Андижон давлат педагогика институти профессори,  

фалсафа фанлари доктори. 

ЎзА