English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул: талаб ва имтиёзлар
18:48 / 2023-06-07

7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби ва давлат тест синовларини топшириш жараёни” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида Мудофаа вазирлигининг соҳа йўналиши бўйича масъул бош бошқарма ва бошқарма бошлиқлари, олий ҳарбий таълим муассасалари бошлиқларининг ўқув ва илмий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳамда республика ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда ҳарбий таълим тизимидаги кенг кўламли ишлар ҳақида маълумотлар берилиб, олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни қабул қилиш тартиби, тест имтиҳонлари, ҳарбий кадрларни тайёрлаш масалалари ҳақида маълумот берилди.

Мудофаа вазирлиги тасарруфида Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи мавжуд.  

Шунингдек, Қуролли Кучлар эҳтиёжлари учун сафарбарлик резервларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш жараёнини оптималлаштириш, резерв ва захира офицерларни тегишли ҳарбий-ҳисоб ихтисосликлари бўйича сифатли тайёрлаш учун Мудофаа вазирлиги тасарруфида 4 та, жумладан, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ҳарбий тайёргарлик ўқув маркази, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳарбий таълим факультети, Бухоро давлат университети ҳарбий таълим факультети, Фарғона давлат университети ҳарбий таълим факультети каби ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари фаолият юритмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш борасида аниқ, изчил ва кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, юқори билим ва кўникмаларга эга бўлган, дунёқараши ва фикрлаш доираси кенг мутахассисларни тайёрлаш учун Мудофаа вазирлигида ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизими принципиал жиҳатдан мутлақо янги асосга ўтказилди.

[gallery-12240]

Ҳарбий кадрлар, биринчи навбатда, чуқур билимга эга бўлган ва замонавий фикрлайдиган, интеллектуал етук офицерларни тайёрлаш Қуролли Кучлар фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан биридир.

Олий ҳарбий таълим муассасаларига танлов тадбирлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги қарори билан амалга киритилган “Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш, курсантларни ўқишдан четлаштириш ва қайта тиклаш тартиби тўғрисидаги низом”га мувофиқ амалга оширилмоқда. Унга кўра, танлов босқичлари соддалаштирилган бўлиб, бюрократия ва инсон омилининг аралашувига чек қўйилган ва очиқлик сиёсатига асосланган.

Танлов тадбирлари ўқишга киргунга қадар йил давомида ўтказиладиган ҳарбий-профессионал йўналтириш билан бошланади. Мазкур жараёнда ўқувчи-ёшларнинг фахрийлар, ҳарбий қисм ҳамда олий ҳарбий таълим муассасалари вакиллари билан учрашувлари ва давра суҳбатлари мунтазам ўтказилади. Бунда уларга офицер касби, ўқишга кириш тартиби тўғрисида тушунтиришлар берилади.

– Дастлабки саралаб олиш тадбирлари икки босқичда ўтказилади, – дейди Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи тиббий хизмат полковниги Носиржон Фозилов. – Биринчи босқич 1 февралдан 31 мартгача – фуқаро ёшлар учун мудофаа ишлари бўлимларида, ҳарбий хизматчилар учун хизматни ўташ жойида зарур ҳужжатларни тўплаш амалга оширилган. Иккинчи босқич 10 апрелдан 31 майгача – фуқаро ёшлар учун мудофаа ишлари бошқармаларида, ҳарбий хизматчилар учун Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисм ва тиббий муассасаларида ўтказилди. Унда индивидуал-психологик ўрганиш – профотбор, ёзма шаклда, жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш – турникда тортилиш, 100 метрга югуриш, 3000 метрга югуриш, якуний тиббий кўрикдан ўтиш тадбирлари бўлиб ўтди.

Анжуманда маълум қилинишича, танлов босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодлар энди тест синовларига киритилади. Тест синовлари июль-август ойларида номзодлар танлаган ҳудудларда ўтказилади.

– Тест топшириш фанлари: биринчи блокда мажбурий фанлар – она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи, ҳар бирида ўнтадан савол бўлиб, ҳар бир тўғри жавобга 1.1 балл берилади, – дейди мудофаа вазирининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси полковник Отабек Йўлдошев. –  Иккинчи блокда таълим йўналишига мос фанлар – математика, физика бўлади, ҳар биридан ўттизтадан савол бўлиб, ҳар бир тўғри жавобга мос равишда 3.1 ва 2.1 балл берилади.

Матбуот анжуманида имтиёзлар бериш, хотин-қизларни соҳага жалб қилиш, тиббиёт йўналиши талабаларига бериладиган имкониятлар, хизмат чоғида ҳалок бўлган ёки саломатлигини йўқотган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига давлат томонидан қаратилаётган эътибор хусусида сўз борди. ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берилди

Барно МЕЛИҚУЛОВА, Ойбек ПАРДАЕВ (фото), ЎзА